Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 13/03/2019 Энг яхши ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудиокитоб шаклидаги талқини яратилди
Энг яхши ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудиокитоб шаклидаги талқини яратилди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онг-у тафаккури, дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ҳамда халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни вақтда ўтказилган кузатиш ва таҳлиллар бу соҳада ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар борлиги ҳамда уларни кенг кўламда ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятимизда мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган ана шундай муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Республика болалар кутубхонаси томонидан “Икки эшик ораси”, “Сариқ девни миниб”, “Отамдан қолган далалар”, “Оқ кема”, “Шамол ортидан югуриб”, “Ўзбек халқ эртаклари” каби жами 40 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жаҳон адабиётининг буюк бадиий намуналарининг аудиокитоб шаклидаги вариантлари яратилди.

2019 йил 12 март куни Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика болалар кутубхонасида ушбу аудиокитобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди ва китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев қатнашиб,давлатимиз раҳбарининг Фармойишида белгиланган вазифалар, жумладан, ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан ҳозирги замон талаблари дараражасида жуда кенг имкониятлар яратилгани, шу билан бирга яқин вақт оралиғида Ўзбекистонимизнинг том маънода китобхонлар юртига айланишига хизмат қилишини ва бу ишлар яна давом этишини таъкидлади.

Тақдимотда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, болалар шоири Анвар Обиджон, филология фанлари номзоди Р. Жуманиёзов, сухандон М.Жўраевалар иштирок этди.

Ўзбекистон Давлат филармониясининг “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли ва “Дийдор” театр студияси ўзларининг саҳналаштирилган чиқишлари билан тадбирни янада қизиқарли ва мароқли ўтиши учун ҳисса қўшдилар.

Жорий йил якунига қадар Республика болалар кутубхонаси томонидан ўқувчилар ҳамда китобхонлар учун ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналаридан иборат яна 40 номдаги асарларни аудиокитоб шаклидаги вариантларини яратиш режалаштирилмоқда.

Манба: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг