Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 27 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов ҳамда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда, шунингдек, Жаҳон банки вакиллари, жумладан, Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Татьяна Проскурякова, Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича стратегия ва операциялар директори Каролина Санчес-Парамо ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасининг инфратузилма бўйича минтақавий директори Чарльз Кормье иштирок этди.
Музокараларнинг асосий мавзуси Қирғиз Республикасидаги уч давлат томонидан биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилаётган муҳим минтақавий лойиҳа – «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳасини янада ривожлантириш бўлди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов йиғилиш иштирокчиларини қутлар экан, мамлакат ҳукумати ушбу стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканини тасдиқлади.
«Биз «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳаси иштирокчиларини Тошкентда уч томонлама учрашув доирасида қабул қилишдан мамнунмиз. Ушбу лойиҳа бутун Марказий Осиё учун катта манфаатлар келтириши, минтақавий энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаши, “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириши ва сув ресурсларидан фойдаланишни яхшилашига ишонамиз», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳаси халқаро молиявий институтлар ва тараққиёт бўйича шерикларнинг катта қизиқишини уйғотганини таъкидлади.
«Қирғиз Республикасида биз «Қамбарота-1» ГЭС қурилишини “аср лойиҳаси” деб атаймиз, чунки у минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва бутун Марказий Осиёнинг узоқ муддатли тараққиётига ёрдам беради. Тошкентдаги бугунги давра суҳбати 2024 йилда Вена, Брюссель ва Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувларнинг давомидир. Ушбу мулоқотлар лойиҳани мувофиқлаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, зарур халқаро қўллаб-қувватлашни жалб этиш учун хизмат қилади», — деди Таалайбек Ибраев.
Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов уч мамлакатда мавжуд сиёсий ирода ва лойиҳани биргаликда амалга ошириш зарурати ҳақида ягона тушунча борлигини алоҳида қайд этди.
«Бугунги давра суҳбати сув-энергетика соҳасида кучайиб бораётган минтақавий ҳамкорликни яна бир бор тасдиқлайди. Биз биргаликда нафақат «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳасини муваффақиятли амалга оширамиз, балки минтақамизда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаймиз ва мамлакатларимизнинг келгуси ижтимоий-иқтисодий ўсишини ҳам рағбатлантирамиз», — деди Сунгат Есимханов.
Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича тайёргарлик кўриш ҳамда уни молиялаштиришда кўмак сўраб Жаҳон банкига мурожаат қилишди. Ҳозирги вақтда Жаҳон банки томонидан техник ёрдам доирасида «Қамбарота-1» ГЭС лойиҳаси учун техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ушбу лойиҳанинг техник, иқтисодий, молиявий, экологик ва ижтимоий жиҳатларини баҳолашни, шунингдек, унинг кейинги амалга оширилиши учун зарур бўлган бошқа асосий тадбирлар ҳамда тадқиқотларни қамраб олади.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова шундай деди: «Жаҳон банки уч мамлакат ҳукуматларининг минтақада барқарор энергетик келажакни таъминлаш, иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва фуқаролар турмуш даражасини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан мамнун. Биз «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича техник ёрдам кўрсатишни давом эттирамиз. Ривожланиш бўйича бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун зарур молиявий ресурсларни жалб этиш устида ишлаяпмиз».
Учрашув доирасида томонлар «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича асосий тамойиллар юзасидан келишиб олдилар. Лойиҳани рўёбга чиқаришнинг асосий босқичлари белгилаб олинди ҳамда уни амалга ошириш схемаси тасдиқланди. Шунингдек, вазирлар даражасидаги мулоқотларни мунтазам давом эттириш ҳамда халқаро донорларни жалб қилиш орқали ҳамкорликни таъминлаш ва лойиҳани барқарор равишда илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.