Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5059-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги Ф–4979-сон фармойиши билан ташкил этилган Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия (кейинги ўринларда Ишчи комиссия деб юритилади) томонидан “Sagemcom” (Франция Республикаси), “Elster GmbH” (Германия Федератив Республикаси), “Landis & Gyr” (Швейцария Конфедерацияси) компаниялари ва “Toshelectroapparat” МЧЖ ХК (Ўзбекистон Республикаси) билан Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини (кейинги ўринларда Лойиҳа деб юритилади) амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ишчи комиссиянинг Лойиҳа доирасида дастлаб 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техник воситаларини (кейинги ўринларда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситалар деб юритилади) “Sagemcom”, “Elster GmbH” компаниялари ва “Toshelectroapparat” МЧЖ ХКдан истисно тариқасида тендер савдоларини ўтказмасдан харид қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, Ишчи комиссиясининг қарорига асосан “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ Лойиҳа доирасида ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни мазкур қарорнинг 14-бандига мувофиқ уларни республикада ишлаб чиқариш йўлга қўйилгунга қадар ушбу бандда кўрсатилган ишлаб чиқарувчилардан қўшимча харид қилиши мумкин.
3. Ишчи комиссия (Ж.А.Қўчқоров) “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа бўйича “Sagemcom”, “Elster GmbH” компаниялари ва “Toshelectroapparat” МЧЖ ХК билан якуний музокаралар ўтказилиши ва контрактлар (кейинги ўринларда контрактлар деб юритилади) тузилишини ташкил этсин.
“Ўзстандарт” агентлиги музокаралар якунига қадар Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг турларига нисбатан техник талабларни тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тузиладиган контрактларни, шу жумладан ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситалар, хизматларнинг қийматини ишлаб чиқарувчиларнинг айнан шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажрибаси ва ишчанлик обрў-эътиборига алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар томонлама экспертизадан ўтказсин.
5. Лойиҳа доирасида қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан қайта молиялаштириладиган, 5 йиллик имтиёзли давр ва қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,2 фоиз маржасини ўз ичига олган йиллик ставкаси 2 фоиз бўлган 10 йил муддатга ажратиладиган маблағлар – контрактлар бўйича ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни, шунингдек, хизматларни сотиб олишга сарфланган харажатларнинг;
“Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг маблағлари – қурилиш-монтаж ишларини, маҳаллий товарлар ва хизматларни харид қилишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
2020 йил 1 январдан Лойиҳанинг амалга ошириш муддатига 1 кВт/соат электр энергияси учун 15 сўм, 1 м. куб табиий газ учун 17 сўм (республикада реализация қилинадиган) миқдорида заруратга кўра индексация қилинадиган ҳамда фақатгина Лойиҳа доирасида Жамғарманинг жалб этилган маблағларини қоплашга ҳамда бошқа харажатларни молиялаштиришга йўналтириладиган инвестициявий устама жорий этилади;
Лойиҳа доирасида ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишда кейинчалик уларни давлат кўригидан ўтказган ҳолда сертификация ишларини олиб бориш белгиланган тартибда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилади;
ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишда пломбалаш “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) ваколатли ходимлари томонидан амалга оширилади;
Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади. Бунда ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Бюро томонидан таъминланади;
истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади.
7. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг Лойиҳани амалга ошириш учун бериладиган Жамғарма кредитлари бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ олдидаги мажбуриятлари юзасидан белгиланган тартибда давлат кафолатларини бериш ваколати берилсин. Бунда давлат кафолатлари “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан кредитларни қоплаш даврида уларнинг пул маблағларини бошқариш ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига топшириш орқали берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини киритсин. Жамғарма, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖга Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангунига қадар контрактлар доирасида товарларнинг харидини ва бажариладиган ишларни 2018 йил 1 февралга қадар молиялаштиришга рухсат берилсин.
9. “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Toshelectroapparat” МЧЖ ХК 2022 йил 1 январга қадар контрактларга мувофиқ ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни олиб кирганлик учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно), шунингдек, Лойиҳани амалга ошириш доирасида қўшимча қиймат солиғидан озод қилинсин.
10. “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ Бюро билан биргаликда бир ой муддатда электр узатиш линиялари ва газ қувурларини модернизация қилиш бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, шаҳарлар ва вилоятлар марказларининг устуворлигини инобатга олган ҳолда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни ўрнатиш жадвалини тасдиқласин.
11. Республика ҳудудига Лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш тақиқлансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда яратиладиган Коммунал хизматлар ягона биллинг тизимининг Лойиҳа доирасида ўрнатиладиган дастурий маҳсулотлар билан биллинг тизимининг электр энергияси ва табиий газга оид қисмини ишлаб чиқишга “Sagemcom” компаниясини жалб этган ҳолда мослигини таъминласин.
14. “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ “Ўзэлтехсаноат” АК, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда хорижий компания иштирокида, шу жумладан “Ўзэлтехсаноат” АК корхоналарини кооперация асосида жалб этган ҳолда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни ишлаб чиқаришни, шунингдек, Лойиҳани техник қўллаб-қувватлаш бўйича хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Лойиҳа ва контрактларнинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.
16. “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ буюртмалари бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштиришни;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визалари берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхат расмийлаштирилиши (узайтирилиши)ни таъминласин.
17. Лойиҳанинг тўлиқ ва ўз муддатида амалга оширилиши, шу жумладан тасдиқланадиган лойиҳа параметрларига эришиш юзасидан шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С.Султонов, “Ўзбекэнерго” АЖ (У.М.Мустафоев) ва “Ўзтрансгаз” АЖ (А.С.Мустафаев) раҳбарлари зиммасига юклансин.
18. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2907-сон қарори;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги “Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3060-сон қарорининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 13 ноябрь.