Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан машғулот ўтказгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлган.
Айни дамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга айиқларнинг барча тури киритилган. Яъни бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.
Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсиз муносабатни қоралайди ва бу каби ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтади.