ЕИ транспорт лойиҳаларини амалга оширишда техник ёрдам кўрсатади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази томонидан Европа Иттифоқи делегацияси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда "Expertise France" тараққиёт агентлиги вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда "Юмшоқ боғлиқлик" дастурининг биринчи компоненти учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Европа делегацияси учрашув давомида Марказий Осиё учун ЕИнинг минтақавий транспорт дастури ишлаб чиқилишини маълум қилди. Мазкур дастур доирасида Марказий Осиё мамлакатларига "Global Gateway" лойиҳаси маблағлари ҳисобидан транспорт лойиҳаларини амалга оширишда техник ёрдам кўрсатилади.
Транспорт вазирлиги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, қонунчилик базасини мувофиқлаштиришни ва юкларнинг чегаралараро ҳаракатини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни тақдим этди.
Учрашув якунида Европа Иттифоқи делегацияси лойиҳаларни ва техник кўмакнинг мумкин бўлган шаклларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида хусусий сектор вакиллари иштирокида давра суҳбатини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.