2023 йилнинг 24 июль куни Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Наманган–Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Кобальт» русумли автомашина «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1978 й.т. К.Н.нинг ёнида 1 дона ярим тайёр занжир ҳолатидаги тилла тақинчоқ борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур йўналишда ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомашина ҳам Поп тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1991 й.т. Ғ.О.га тегишли 29 дона ярим тайёр занжир кўринишидаги тилла тақинчоқлар борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, Ғ.О. жуда кўп миқдордаги қуйма тилла маҳсулотларини нотаниш шахслардан сотиб олиб, уларни заргарларга занжир кўринишида ясаттирган. Ўз навбатида К.Н. ушбу тилла буюмларни қонунга хилоф равишда божхона назоратини четлаб ўтиб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Ҳиндистон давлатига олиб бориб сотишни режалаштирган.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур 30 дона ярим тайёр ҳолатдаги тилла тақинчоқларнинг соф оғирлиги 1 кг. 516 гр. бўлиб, қиймати 1 млрд. 46 млн. сўмга тенг.
Таъкидлаш лозимки, чегара-божхона постидагиларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида, 958 дан юқори асллик даражасида бўлган занжир кўринишидаги тилла тақинчоқларга «916», «22КР» асиллик даражаси ўрнатилган.
Ҳолат юзасидан ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармасининг Тергов бўлими томонидан Ғ.О. ва К.Н.га нисбатан Жиноят Кодексининг 25,182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан эса Ғ.О.га нисбатан 3 йил, К.Н.га нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.