Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 24/09/2023 ДХХ: Қалбаки валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди
ДХХ: Қалбаки валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Оқолтин туманида яшовчи, 1998 й.т. шахс алдов йўли билан 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, улардан бирига 10 минг, иккинчисига эса 4 минг, жами 14 минг қалбаки АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган вақтида ушланди. 

Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ғиждувон туманида яшовчи, 1986 ва 1989 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс харидорга қалбаки 10 минг АҚШ долларини 5 минг АҚШ долларига сотишга келишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, улар қалбаки 8300 АҚШ долларини бериб ва қолганини тез кунда етказишларини айтиб, 5 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Қизилтепа туманида ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи, 1993-1997 йиллар оралиғида туғилган 3 нафар шахс 200 минг сўмлик қалбаки купюралардан иборат 400 млн. сўм қалбаки пулларни 160 млн. сўмга сотаётган вақтларида ушланди.

Шунингдек, улар томонидан қалбаки пуллар тайёрланган савдо дўкони биноси кўздан кечирилганда купюралар тайёрлашда фойдаланилган ноутбук, рангли принтер, сканер, қоғоз кесувчи ускуна, 14 дона қалбаки 200 минг сўмлик, 1 дона 100 минг сўмлик ва 8 дона оқ қоғознинг бир томонига чоп этилган 200 минг сўмлик купюралар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг