Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 05/11/2022 ДХХ жойларда наркотик моддалар савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди
ДХХ жойларда наркотик моддалар савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда 1976 йилда Бухоро вилоятида ва 1958 йилда Жиззах вилоятида туғилган икки фуқаро 874 гр. «опий» моддасини 18 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлганларида ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистон Республикасидан келтирилган ушбу наркотик модданинг ҳақиқий эгаси ҳисобланган Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1956 й.т. шахс ҳам қўлга олинди.

1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган фуқаро 1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган таниши билан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига бориб, учинчи шахслар томонидан қўшни Тожикистон Республикасидан ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган икки дона ўрамдаги наркотик моддани қабул қилиб олишади ва уни ўзаро тенг бўлишиб, бири Бўка тумани томон, иккинчиси эса Тошкент шаҳри томон йўл олишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб улардан бири Оҳангарон туманида 988 гр. «гашиш» моддаси билан, иккинчиси бўлса Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 887 гр. «гашиш» моддаси билан қўлга олинди.

Бошқа бир ҳолатда Қувасой шаҳрида яшовчи, 1987 й.т., муқаддам судланган фуқаро Қирғизистон Республикасидан мамлакатимиз ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган 1 кг. 61 гр. «гашиш» моддасини келгусида сотиш мақсадида Фарғона шаҳрига олиб келган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. икки фуқаро ҳам Қирғизистон Републикасидан келтирилган 974 гр. «гашиш» моддасини Қува туманида қабул қилиб, вилоят маркази томон ҳаракатланган вақтларида ушланди.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1983 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро ва унинг 1987 й.т. шериги 430 гр. «гашиш» моддасини сотмоқчи бўлган вақтларида қўлга олинди.

Ўз навбатида улар Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган мазкур гиёҳвандлик воситасини Қўрғонтепа туманида яшовчи, 2000 й.т., муқаддам судланган шахсдан олганликлари аниқланиб, у ҳам ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг