Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Денов туманида яшовчи, 1994 й.т. фуқаро ўзининг “Кобальт” русумли автомашинасида Узун тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 50 кг. 567 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув давомида, у гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркосавдогарлардан олганлиги маълум бўлди.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1972 й.т. фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг. 929 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона шаҳрида қўлга олинди.
Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини қайта сотиб, мўмай даромад топишни мақсад қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда “Самарқанд – Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган “Спарк” русумли автомашина Бўстон туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилди.
Натижада, унда кетаётган Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи, 1990 ва 1995 йилларда туғилган 3 нафар шахс ҳамда Қирғиз Республикасининг Ўш вилояти Қора-суу шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. ушбу давлат фуқаросидан 4 кг. 727 гр. “гашиш” моддаси олинди.
Аниқланишича, улар мазкур гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик шахсдан Ургут туманига келтириб бериш шарти билан сотиб олишган ва уни қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, ортга қайтаётган бўлишган.
Бошқа ҳолатда эса Пахтаобод туманида яшовчи, 1981, 1982, 1991, 1992 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 кг. 634 гр. “гашиш” моддасини Андижон туманида 53 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, улардан 3 нафари муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.