Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 27/07/2024 ДХХ: АҚШга ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
ДХХ: АҚШга ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Наманган шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. шахс Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида истиқомат қилувчи, 1997 й.т. фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали “Тошкент-Истанбул-Мадрид-Тихуана” йўналишида Америка Қўшма Штатларига юбориш ҳамда бунинг учун зарур бўладиган виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 334 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса ДХХ ходимлари томонидан прокуратура ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, 1969 й.т. шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 3 нафар фуқарони АҚШга боришлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва виза олиб бериш бериш эвазига 42 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 28 800 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. шахс Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг алдов йўли билан ишончига кириб, унинг номига виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, “Туркия-Европа давлатлари-Мексика” йўналишида айланма йўллар орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 17.500 АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, у олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1989 й.т. Учқудуқ туманида истиқомат қилувчи шахс фуқарони Туркия ва Мексика давлатлари орқали Қўшма Штатларга юбориш ва у ерда ишга жойлаштириш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи, 1988 й.т. шахс Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Қўшма Штатларга ишга юборишни ваъда қилиб, бу каби ишларни қилишга ваколати бўлмасада, дастлаб, 2023 йилнинг апрель-май ойларида 14300 АҚШ долларини олиб, уни айланма йўллар билан Жанубий Африка Республикасига юбориб, уни бошқа давлатда чорасиз ҳолатда қолдиради ва вазиятни ўнглаш, яъни уни Америкага ўтказиш учун унинг отасидан қўшимча 6700 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг