Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 18/12/2023 Дунё озиқ-овқат бозорида қандай ўзгаришлар кутилаяпти?
Дунё озиқ-овқат бозорида қандай ўзгаришлар кутилаяпти?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари глобал озиқ-овқат бозори ривожланишидаги асосий йўналишларни таҳлил қилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - FAOнинг прогнозига кўра, экстремал об-ҳаво шароити ва ортиб бораётган геосиёсий кескинлик глобал озиқ-овқат тизимига хавф туғдиради ҳамда савдо ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги истиқболини ёмонлаштириши мумкин.

2023/24 йиллар мавсумида дунё миқёсида 785,1 миллион тонна буғдой етиштирилиши кутилаяпти. Гарчи етказиб бериш ҳажми етарли даражада сақланиб қолаётган бўлсада, бу ўтган мавсумдагига қараганда 2,2 фоиз кам. 

Буғдой етиштиришнинг прогноз қилинаётган қисқариши Австралия ва Россия Федерациясида 2022-йилдаги рекорд кўрсаткичлардан сўнг ҳосил миқдорининг камайиши, шунингдек, Канада ва Қозоғистонда йиғим-теримнинг прогноз қилинаётган қисқариши билан боғлиқ. Бироқ, Аргентина, Ҳиндистон ва АҚШда ишлаб чиқаришнинг ўсиши кутилаяпти ва бу пасайишнинг ўрнини босади.

2023/24 йиллар мавсумида глобал мойли ўсимликларни етиштириш ўсишда давом этиши ва 666,7 миллион тонна янги рекорд даражага етиши кутилмоқда. Бу эса аввалги мавсумдагига нисбатан 4,0 фоиз кўп.

Соя (Бразилия, Аргентина) ва кунгабоқар уруғлари (Европа, Қора денгиз минтақаси) етиштириш бўйича юқори прогнозлар рапс етиштиришнинг кутилаётган қисқаришини қоплайди (Австралия, Канада).

2023/24 йиллардаги мавсумда жаҳон миқёсида шакар ишлаб чиқариш 175,5 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2022/23 йиллардаги мавсумдагига нисбатан 2,0 фоиз кам.

Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ қуруқ об-ҳаво шароити туфайли асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлар бўлган Таиланд ва Ҳиндистонда шакар ишлаб чиқаришнинг қисқариши кутилмоқда. Бразилия ва АҚШда ҳам шакар ишлаб чиқаришнинг пасайиши прогноз қилинаяпти.

Дунёда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2023-йил охиригача

365 миллион тоннагача ортиши тахмин қилинаяпти. Бу 2022-йилдагига нисбатан 0,8 фоиз кўп.

Осиёда гўшт ишлаб чиқаришнинг ортиши кутилаяпти. Бу асосан Хитойда чўчқа гўшти ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан боғлиқ. Гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш Жанубий Америкада, айниқса Бразилия ва Океанияда ҳам кенгайиши мумкин

2023-йил охиригача сут ишлаб чиқариш 950 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу 2022-йилдагига қараганда 1,3 фоиз кўп.

Жаҳонда сут ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ўсиши Осиёда, хусусан, Ҳиндистон ва Хитойда сут ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан боғлиқ. Шунингдек, Бразилияда ҳам соғин сигирлар сонининг кўпайиши ва сут маҳсулдорлигининг ошиши ҳисобига сут ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши кутилаяпти.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг