Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Технологиялар 16/02/2025 Дубайда Ўзбекистоннинг технологик салоҳияти намойиш этилди

Дубайда Ўзбекистоннинг технологик салоҳияти намойиш этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 13 февраль куни Дубайда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistan томонидан “Uzbekistan Tech Conference” ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор етакчи технологик компаниялар ва венчур капитал вакилларини бир жойга тўплади. Тадбирда БААнинг 105 компаниясидан 130 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.

Тадбирни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов кириш сўзи билан очиб берди. У IТ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳимлигини ва ҳукуматнинг глобал технология компаниялари учун бизнес муҳитини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини таъкидлади:

“Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистонда ИТ соҳаси шиддат билан ривожланмоқда. Давлат даражасида қабул қилинган қўллаб-қувватлаш дастурлари стартаплар ва IТ-компаниялар учун қулай экотизим яратишга ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.”

Шунингдек, тадбир иштирокчиларини сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва масофавий ишлашни ривожлантириш бўйича ижрочи директор Сакр Бингалиб ҳам қутладилар.

IТ Парк Узбекистан хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директори Маҳлиё Муксинова Ўзбекистоннинг глобал технология маркази сифатидаги ўсиб бораётган ролига эътибор қаратди:

“Сўнгги 5 йил ичида мамлакатда улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг IТ йўналишидаги жозибадорлиги жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Хорижий компаниялар сони бир неча баробарга кўпайди, IТ хизматлари экспорти эса 89 та мамлакатга етди.”

IТ Парк Узбекистан вакиллари юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш бўйича ташаббусларини тақдим этиб, Ўзбекистондан янги бозорларга чиқишнинг бизнес-имкониятлари ва афзалликларини таъкидладилар. Мамлакат компанияларга халқаро бозорларга чиқиш ва кўп тилли кадрлар салоҳиятини таъминлаш орқали ўзини истиқболли глобал IТ-ҳаб сифатида намоён этмоқда.

Шунингдек, «“DataVolt» бош директори Ражит Нанда, «Uzum» техник директори ва маҳсулот бўйича директори Кевин Ханда, «“UZINFOCOM» компаниясининг МENА минтақасидаги бизнесни ривожлантириш бўйича раҳбари Азамат Турғун, ҳамда «ARO» (AX Tech) контент раҳбари Азиз Раҳимов Ўзбекистонда фаолият юритишнинг муваффақиятли тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Ражит Нанда Рақамли технологиялар вазирлиги ва IТ Парк Узбекистан билан ҳамкорликда яшил маълумотлар марказлари қурилишининг бориши, шунингдек, мамлакатнинг юқори даражадаги технологик инфратузилмаси ҳақида маълумот берди.

Кевин Ханда Ўзбекистоннинг биринчи «unicorn» компанияси деб эътироф этилган ва қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган «Uzum» экотизимининг муваффақият тарихи ҳақида сўзлаб берди. У компаниянинг ўсишига ҳисса қўшган асосий омилларни, жумладан, давлат қўллаб-қувватлаши, қулай бизнес муҳити ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни алоҳида таъкидлади.

«“UZINFOCOM» ягона интегратори вакили кафтни сканерлаш орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “MyID Palm” технологиясини намойиш этди. У ўз нутқида ушбу тизим ўзбекистонлик IТ-мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётганини, бу эса маҳаллий кадрларнинг юқори малакасидан далолат беришини таъкидлади.

Азиз Раҳимов (ARO, AX Tech) компаниянинг БААга IТ-хизматларини муваффақиятли экспорт қилиш бўйича амалий тажрибасига асосланиб, Ўзбекистоннинг IТ-ҳаб сифатидаги стратегик афзалликлари ҳақида гапирди.

Якуний сўзда IТ Парк Узбекистан кузатув кенгаши раиси Фарҳод Ибрагимов мамлакатнинг бизнесни ривожлантириш ва кенгайтириш учун афзалликларини таъкидлади:

“Ўзбекистон стратегик жойлашуви туфайли Европа, Осиё ва Яқин Шарқнинг асосий бозорлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини бажармоқда. Ривожланган инфратузилма, малакали мутахассислар ва давлатнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши бизнесни кенгайтириш ва янги бозорларга самарали кириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.”

Тадбирдан сўнг IT Park Uzbekistan стартаплари “DIFC Innovation Hub” семинарида иштирок этдилар. Унда Алекс Паван («Игнйте» компаниясининг бошқарув ходими) инвесторлар билан алоқа ўрнатиш ва БАА бозорига кириш бўйича амалий стратегиялар билан ўртоқлашди. Мутахассис лойиҳаларни самарали тақдим этиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва Дубай экотизимидан кенгайтириш учун қандай фойдаланиш ҳақида сўзлаб берди. Мазкур учрашув халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди ва ўзбек стартаплари учун янги истиқболларни очди.

Конференция хорижий компаниялар учун ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни ишга тушириш учун платформага айланди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг истиқболли стартаплари ва технология компаниялари билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг солиқ имтиёзлари, IТ-бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантириш дастурлари тақдим этилди. Бунинг натижасида, тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда офислар очишга ва халқаро буюртмаларни жойлаштириш мақсадида маҳаллий резидентлар билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, манфаатдор компаниялар вакиллари мамлакатнинг технологик салоҳияти билан яқиндан танишиш учун 26–27 февраль кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Offshore Outsourcing Conference” тадбирига таклиф этилди.

Дубай ўтказилган “Uzbekistan Tech Conference” Ўзбекистоннинг халқаро бизнес учун очиқ ва жадал суръатлар билан ривожланаётган ИТ-ҳаб сифатидаги ўрнини мустаҳкамлади. Мамлакат инновацияларни қўллаб-қувватламоқда ва юқори технологияли саноатни фаол равишда ривожлантирмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг