Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Иқтисод 24/08/2016 Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони
Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони” кўрик-танловининг республика босқичи бошланди.

Кўрик-танлов аввалида иштирокчилар “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига гул қўйдилар.

Танловнинг дастлабки кунида партия “Аёллар қаноти” етакчилари ва ҳудудий босқич ғолиблари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзМТДП фракцияси аъзолари билан учрашдилар.

Тадбирни ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуротов очиб берди.

– Бугунги кунда 190 мингдан ортиқ ЎзМТДП аъзоларининг 47,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 6, Сенатда 3, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда 264 нафар сайланган аёл депутатлар фаолият кўрсатмоқдалар. Партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб жамиятимизни ривожлантириш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият соҳаларини юксалтириш бўйича устувор вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар, - деди партия раҳбари.

Учрашувда фракция аъзолари иштирокчиларга Қонунчилик палатасида янги қабул қилинган қонунлар ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар бердилар. Қонунчилик палатаси фаолиятида хотин-қизларнинг ўрни ва роли, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат бошқарувидаги иштирокини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Дилфуза Жалилова, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

– Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош Қомусимизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани белгиланган. Оила кодекси, қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бу янада мустаҳкамланган. Мамлакатимизда БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялари каби қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунга мувофиқ хотин-қизлар сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозимлиги аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятини янада кенгайтирди.

Учрашувда фракция аъзолари ҳудудий партия ташкилотлари “Аёллар қаноти” етакчилари ва кўрик танлов иштирокчиларининг фракциянинг қонун ижодкорлиги, партия сайловолди Платформаси ижроси, назорат таҳлил ва сайловчилар билан учрашувлар натижалари борасидаги саволларига жавоб бердилар.

Тадбирда муҳокама этилаётган масалалар юзасидан Марказий Кенгаш раиси ўринбосарлари Жалолиддин Сафоев, Феруза Муҳамеджанова, фракция аъзолари Алишер Қодиров, Мухтабар Ҳусанова ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда иштирокчилар хотин-қизлар манфаатлари акс этган қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашдилар. “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг