Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 10 октябрдаги қарори ижроси доирасида жорий йилнинг 24 октябрь куни Инновацион ривожланиш агентлигида “Инновацион тадқиқотлар, кимё саноатида илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-техникавий анжуман ташкил этилди.
Анжуман «Ўзкимёсаноат» АЖ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилди.
Халқаро илмий анжумандан кўзланган мақсад илм-фан ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги учун майдон яратиш, самарали ташаббусларни амалга оширишда илмий ғоялар ва тажриба алмашиш, алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.
Aнжуманда Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Саудия Aрабистони ва мамлакатимиздан кимё ва газ-кимё саноатининг илм-фан, ишлаб чиқариш, технологиялар ишлаб чиқувчилари, шунингдек, етакчи хорижий инвесторлар иштирок этди.
Иштирокчилар акриламид ишлаб чиқаришнинг биотехнологик усули ва маҳсулот турини янада кенгайтириш, Ўзбекистонда яшил водород олишнинг инновацион технологиясини жорий этиш, плазма ёрдамида метандан соф водород ва қаттиқ углерод олишнинг экологик хавфсиз технологиясини яратиш, реактив олигомерлар ва полимерлар соҳасидаги тадқиқотлар, фосфогипсни комплекс қайта ишлаш (ишлаб чиқариш чиқиндилари) каби соҳалардаги инновациялар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистон учун энг долзарб лойиҳалар портфелини шакллантириш мақсадида инновацион ишланмалар рўйхати шакллантирилди.