Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 06/09/2017 Дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик
Дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди.

Бишкек шаҳридаги «Манас» халқаро аэропортида мамлакатимиз Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев кутиб олди. Икки давлат байроқлари билан безатилган аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янада бойиб, ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифи амалга оширилди.

Халқларимиз азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида, яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, "Халқларимизнинг қони бир, тили бир".

Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Президентимиз Қирғизистон Республикаси Президентига самимий қабул ва Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.

Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, деди давлатимиз раҳбари.

Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг