Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2024 Диний-маърифий йўналишдаги масалалар кўриб чиқилди
Диний-маърифий йўналишдаги масалалар кўриб чиқилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёевга диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш кўп миллатли Ўзбекистондаги янгиланишларнинг асосий устувор йўналишидир. Шундай ажралмас ҳуқуқлардан бири – дин эркинлигидир. Мамлакатимизда эътиқод қилувчилар ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистон сиёсати нафақат халқимиз орасида, балки халқаро жамоатчиликда ҳам муносиб эътирофга сазовор бўлмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Маккаю Мадинада муқаддас Ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган бўлса, бугунги кунда 15 мингдан зиёд ўзбекистонлик муқаддас зиёратга борди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга Қурбон ҳайити табриги, Мусулмонлар идораси раиси муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали суҳбат қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олгани бу йилги Ҳаж мавсумининг ёрқин воқеаларидан бўлди.
Қисқа муддат ичида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича комплекс тизим яратилди. Олимларимизнинг бой меросини ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида илмий тадқиқот марказлари фаолият бошлади. Бунга мисол сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказларини келтириш мумкин. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида кенг кўламли янгилаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги йиғилишда буюк мутафаккирларнинг асарларини аҳоли, айниқса ёшларимиз орасида кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, бу асарларда исломнинг асл моҳияти, муқаддас динимизнинг инсонпарвар ғоялари мужассам. Бу, айниқса, ҳозирги таҳликали даврда, дунёда турли кучлар дин моҳиятини бузишга ва ёшларни ҳақиқий йўлдан адаштиришга уринаётган бир пайтда жуда долзарб.
Бу жараёнда айни кунларда муқаддас Маккада Ҳаж ибодатини адо этаётган юртдошларимизнинг ҳам катта ўрни борлиги таъкидланди. Яқинда ҳожилар ўз маҳаллаларида ёш авлод тарбияси ва маънавий камолотига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдириб мурожаат қабул қилдилар.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари бу ишларда халқимиз ва чет эллик меҳмонларни аждодларимизнинг бебаҳо мероси билан кенг таништиришга, маърифатли ислом ғояларини илгари суришга хизмат қиладиган Ислом цивилизацияси маркази фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади. Бугунги кунда тарихчи олим ва уламолар билан биргаликда марказ фаолиятини янги мазмун билан бойитиш ишлари олиб борилмоқда.
Марказнинг келгусидаги режалари тўғрисида ахборот берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг