Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Германиянинг «Detecon International GmbH» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ. Юлдашев германиялик меҳмонларни қутлар экан, хорижий, жумладан, германиялик шериклар билан Ўзбекистонда замонавий IT-технологияларни ривожлантириш, шунингдек, устувор аҳамиятга молик телекоммуникация технологиялари соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг иштирокини жадаллаштириш юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги вазифаларга вазирлик томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, «Detecon International GmbH» вакиллари компаниянинг Ўзбекистон томони билан инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда IT ва телекоммуникация технологиялари соҳасида стратегия/консепцияларни ишлаб чиқиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишга тайёр эканини билдирдилар.
Шунингдек, учрашув доирасида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
«Detecon International GmbH» компанияси бошқарув ва технологик консалтинг соҳасига ихтисослашган. Халқаро даражада 40 йилдан буён фаолият юритади ҳамда дунёнинг 165 та мамлакатидаги 1 400 дан ортиқ компания ва ташкилотларга ўз хизматларини тақдим этиб келади.
Манба: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий сайти.