Бундан ташқари, дунёнинг айрим мамлакатлари халқаро тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Чили, Россия Федерацияси, Белорусь ва Қозоғистон сингари мамлакатлар давлат харидларининг энг самарали тизимига эга бўлиб, уларда хариднинг бутун жараёни ягона ҳужжат – Қонун билан тартибга солинади.
Мажлисда таъкидлаб ўтилганидек, қонун лойиҳаси давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, шунингдек амалиётдаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва эскирган нормаларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Депутатлар қонуннинг қабул қилиниши давлат харидлари тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини оширишини алоҳида таъкидладилар. Чунончи, қонун лойиҳасида давлат харидларининг махсус ахборот порталини очиш назарда тутилмоқда.
Шундай қилиб, мамлакатимизда давлат харидларининг аниқ тизими йўлга қўйилади, у бюджет маблағлари ва бошқа молиявий маблағлардан юқори даражада самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлайди. Ўз навбатида, бу чора-тадбирлар ушбу соҳадаги соғлом рақобатни мустаҳкамлашга ва коррупция ҳолатларини истисно этишга хизмат қилади.