Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 25/11/2016 Депутатлар давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар
Депутатлар давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 24-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016-йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳонда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга ўсди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Бунда макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилди.

Чуқур ўйланган, пухта пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилганлиги Давлат бюджети даромад қисмининг прогноз кўрсаткичларига нисбатан 100,2 фоиз ижросини таъминлаб, бу ЯИМга нисбатан 21,7 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг харажатлари ЯИМга нисбатан 21,6 фоизни ташкил этиб, бу Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажариш имконини берди.

Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб берди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмоновнинг қўшимча маърузаси эшитилди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган. Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилган.

Мамлакатимиз Давлат бюджетининг 2016-йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакатимиз Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси аъзоларимамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлаш, шунингдек, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсди ва ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратилди. Мазкур даромад тури бўйича тушумлар 1 триллион сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга ўсгани эътироф этилди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишни янада рағбатлантириш, хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун хомашё ресурсларини очиқ биржа ва ярмарка савдоларида сотиш ҳажмини ошириш ва шу орқали уларнинг харид имкониятларини янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг юқори натижаларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган субвенция улуши 2015-йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 бандга камайганлиги ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 14 та туман ва шаҳарлар субвенциядан чиқарилганлиги партиянинг иқтисодий соҳадаги мамлакатимиз ҳудудларини ўзаро уйғун ривожлантириш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш каби вазифаларига тўла мос келаётганлиги таъкидланди.

Фракция вакиллари жойларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мавжуд имконият ҳамда салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар мажлис иштирокчиларининг диққатини аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилишига қаратди.

Хусусан, ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошиб, жорий йил 9 ойида Давлат бюджети маблағларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилган.

Депутатлар марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомга риоя қилиш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидалари ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтириш бўйича масъулиятини оширишга доир бир қатор таклифлар билдирди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари таълим тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган 92,4 миллиард сўм, инновацион лойиҳаларга 15,7 миллиард сўм маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлардан жойларда оқилона ва мақсадли фойдаланилиши устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш зарурлигини билдирди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари таъкидладиларки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, экологик бар¬қарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ҳамда тоза технологияларнинг кенг жорий этилишига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар йўналтирилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаган ҳолда, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг ижросини таъминлаш ва самарадорлигини оширишни, келгусида оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш учун маблағлар миқдорини қўпайтиришни таклиф қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016-йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг