Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 02/06/2016 Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқди
Депутатлар Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 1-июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ва 2016 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.

Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ҳисобот давридаги ижроси яқинда қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ олдиндан барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида, қуйи палатанинг бир қатор қўмиталарида ҳукумат вакиллари, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди. Муҳокама ўтказилишидан олдин қўшимча материаллар ва маълумотлар сўраб олинди ҳамда мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ижро этилиши механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган талай амалий таклифлар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

Куннинг биринчи ярмида депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижросини кўриб чиқди. Мазкур масала юзасидан молия вазири Р.Азимов маъруза қилди, қўшимча маъруза билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов сўзга чиқди.

Таъкидлаб ўтилдики, ҳисобот даврида Давлат бюджети мамлакатимиз парламенти томонидан илгари тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил январь ойидаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилганлиги иқтисодиётнинг барқарор ўсишини ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлади. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш – 6,8 фоиз, чакана товар айланиши 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми – 10,8 фоиз ўсди. Мамлакат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси 5,6 фоизни ташкил этди, яъни прогноз параметрлари доирасида бўлди.

Эришилган натижалар, депутатлар фикрича, иқтисодиётда ижобий таркибий силжишларга, сифат ўзгаришларига ва ижобий тенденцияларга, шунингдек, самарали пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ўтказилишига хизмат қилди, булар аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишига ёрдам берди.

Ўтган йили ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуши сифати ва даражасини муттасил ошириш масалаларига ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилди. Жумладан, 2015 йилда аҳоли жон бошига реал жами даромадлар 9,6 фоиз кўпайди, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдори 21,9 фоиз ўсди.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ўз сайловчиларининг манфаатларидан, партия дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг устувор йўналишлари бўлган кичик бизнеснинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш муҳимлигини таъкидлади. Мазкур соҳанинг ЯИМдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56,7 фоизга ўсди. Бугунги кунда соҳада бутун саноат маҳсулотининг учдан бир қисми ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Соҳада ишда банд бўлган аҳолининг 77 фоизидан кўпроғи меҳнат қилмоқда.

Кейинги беш йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, бу ўз навбатида, ягона солиқ тўлови тушумларининг ўсишига олиб келди. Солиқ юкининг муттасил камайтирилиши, хусусий тадбиркорлик субъектларига берилган банк кредитлари кўпайтирилиши кичик бизнеснинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бу иқтисодиётнинг кўпгина соҳалари ва тармоқларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутди.

Сўзга чиққанлар иқтисодий муҳитни бозор талаблари асосида ташкил этишга, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланишга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш соҳасида юқори технологияли кичик саноат корхоналарини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

Фракция аъзолари таъкидлаб ўтдиларки, мелиоратив объектларни, шу жумладан, очиқ ва ёпиқ горизонтал дренажлар, мелиоратив насос станциялари ҳамда бошқа муҳим мелиоратив ва гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрлаш, саноат миқёсида қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, уни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг аъзолари партиянинг дастурий мақсадлари ва вазифаларига таянган ҳолда, Давлат бюджети асосий параметрларининг ижросини таъминлашда иқтисодиётни ривожлантириш, диверсификация қилиш ва таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг «ўзбек модели» асосида бозор муносабатларини босқичма-босқич ривожлантиришга, ишлаб чиқаришга янги, илғор технологияларни жорий этишга қаратилган изчил ислоҳотларга эътибор қаратилганлигини, бу эса жаҳон майдонида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашаётганлигини алоҳида таъкидлади. Бу мамлакатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари ва вазифалари тизимли равишда амалга оширилаётганлигидан, иқтисодиётнинг юксак ўсиш суръатлари таъминланаётганлигидан далолат беради.

Мамлакатимизнинг тарихий-меъморий, гуманитар меросини асраш ва сақлаш учун харажатларнинг ҳажмлари кўпайтирилди. Ана шу мақсадлар учун Давлат бюджетидан сарфланган маблағлар юртимиз маданий ва археологик мероси объектларини таъмирлаш ҳамда консервация қилиш бўйича дастурлар ижросини таъминлашга хизмат қилади. Шу муносабат билан фракция депутатлари маҳаллий бюджетлардан ажратилаётган маблағларнинг сарфланиши устидан парламент назоратини кучайтиришга чақирди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остидаги маҳсулотни жаҳон бозорига чиқаришга, шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқараётган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир тизимли чора-тадбирларни давом эттириш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар Бюджет кодексининг қоидаларини амалга ошириш, молия интизомига риоя этилишини таъминлаш, мазкур соҳада бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағлар олувчи ташкилотлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш масалалари юзасидан ҳам амалий таклифлар билдирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар ўтган йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари ҳукуматнинг диққат марказида бўлганлигини қайд этди. Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш харажатларини Давлат бюджетидан молиялаштириш ҳажми умумий харажатлар ҳажмининг 58,8 фоизини ташкил этди.

Халқ демократик партияси депутатлари ўтган йилда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларига ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва аниқ йўналтирилган ҳолда фойдаланилганлигини, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари шаклланганлигини ҳамда унинг харажатларидан самарали фойдаланилганлигини таъкидлади. 2015 йилда кадрларни қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига жалб қилиш ва ишсизлик нафақаларини тўлаш йўли билан жамғарма маблағлари ҳисобидан 4,4 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.

Айрим бюджет ташкилотларида ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз тарзда фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигидан келиб чиққан ҳолда, депутатлар марказда ва жойларда бюджет маблағларининг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлаш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъулиятини ошириш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидаларининг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш бўйича бир қатор тавсиялар билдирди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, 2015 йилда иқтисодий дастурнинг тизимли равишда ижро этилиши натижасида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши таъминланди, иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларини янада мувозанатли ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратилди. Бунда Давлат бюджети профицит билан ва Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ижро этилди.

Илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилганлиги, бу эса мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлардан далолат бериши алоҳида эътироф этилди. Хусусан, ҳисобот даврида илм-фанни ривожлантиришга 2014 йилнинг худди шу давридагига нисбатан 15,9 фоиз кўп маблағ ажратилди. Бунда тармоқлар бўйича давлат илмий-техника дастурларининг устувор йўналишларини молиялаштиришга 137,4 миллиард сўм йўналтирилди.

Инновацион ишланмалар дастурларини молиялаштиришга, ноёб объектларни ва илм-фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига, илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга ҳам катта миқдорда маблағлар ажратилди. Бу партиянинг дастурий мақсадларига тўлиқ мос келиб, партия доимо илм-фанга эътиборни кучайтириш, унинг ютуқларини ишлаб чиқаришга ва кундалик ҳаётга фаол татбиқ этишни ёқлаб чиққан.

Фракция аъзолари давлат илмий-техника дастурларининг, соҳалар бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг, шунингдек, инновацион ишланмалар дастурларининг устувор йўналишларини молиялаштиришни янада мақбуллаштириш юзасидан таклифлар билдирди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари атроф- муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари қаторига киритилганлигини таъкидлаб ўтди. Шу боис Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, хозирги ва келгуси авлодлар учун атроф-муҳитни сақлашга қаратилган йўл танлаб олинган эди.

Мажлисда депутатлар гуруҳи аъзолари мамлакатимизда атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Хусусан, 2015 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун Давлат бюджети харажатлари 699,9 миллиард сўмни ташкил этди. Шу жумладан, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилишга 18,6 миллиард сўм, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга 7,1 миллиард сўм ва биохилма-хилликни сақлаш учун 7,3 миллиард сўм ажратилган.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза билан сўзга чиқди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимизда бошланган тизимли демократик ислоҳотларнинг ва модернизациялашнинг, иқтисодиётдаги, биринчи навбатда, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг сўзсиз давом эттирилиши, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг илдам ривожланиши ва ушбу соҳа субъектлари манфаатларининг ҳимоя қилиниши, макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворлиги бўлиши кераклиги қайд этиб ўтилди.

Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси асосида Олий Мажлис ва давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ амалга оширилганлиги таъкидланди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди.

Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи стратегиянинг амалга оширилишини давом эттириш ва бунинг учун иқтисодиётнинг мавжуд захиралари ва имкониятларини жалб этиш мамлакатимиз ЯИМининг 7,5 фоиз ошишини таъминлади. Бунда инфляциянинг паст даражаси макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлади.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 7 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,7 фоиз, хизматлар ҳажми – 12,1 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми – 12,8 фоиз ўсди.

Йил бошидан буён минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 13 мингта якка тартибдаги янги шинам уй-жойлар қурилиши бошланган.

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат ҳисобот даврида 8,4 мингтадан ортиқ ёки 2015 йилнинг шу давридагига қараганда 5,5 фоиз кўп янги кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди. Кичик бизнес субъектларига ажратилган банк кредитлари ҳажми 2015 йилнинг биринчи чорагидагига нисбатан 1,3 баробар ошди.

Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш натижасида 167,4 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ва болаларни тиббий парвариш қилиш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Дастур тадбирларини молиялаштириш учун жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан қарийб 1,3 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди. Депутатлар жорий йилда Давлат бюджети кўрсаткичларининг барча давлат ва хўжалик органлари томонидан сўзсиз ва аниқ ижро этилиши заруратини таъкидлаб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг