Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 29/06/2018 Депутат Сергели аҳолисининг қувончига сабаб бўлмоқда
Депутат Сергели аҳолисининг қувончига сабаб бўлмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Одамларга қилган яхшилигимизни хаммага маълум қилиб ва шунинг ортидан машҳурликга интилиш бу бизнинг менталитетимизга ёд бўлган унсурдай туюлади гўё. Аждодларимизнинг “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни чап қўлинг билмасин”, “Яхшилигингни айтсанг савоби кетади” каби мақол ва афоризмларидан ҳам буни англаш мумкин. Аксарият депутатларимиз ҳам камтарлик билан бажарган кўпгина эзгу хизматларини эътироф этавермаслиги ҳам шундандир балки. Аммо бугунги кунда эзгуликни тарғиб этиш учун ва айниқса ёшларга намунали депутатларимизни танитиш ва шу орқали уларни сиёсатга жалб этиш ҳам маърифатдир. Ёшларга реал инсонларнинг реал ишларини кўрсатиб бера олмасак кутилган натижага эриша олмаймиз.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Фарҳод Абдуллаев фидойи депутатларимиздан эканлигини ҳамма ҳам билавермаслиги мумкин. Нафақат Ўзбекистонниг балки Ўрта Осиёнинг стратегик муҳим корхоналаридан бирига раҳбарлик этиш билан бир қаторда депутатлик фаолиятини ҳам фаоллар қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП билан амалга ошириб келади. Аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишда барча соҳага айниқса партия электоратларидан ҳисобланган соғлиқни сақлаш соҳасига, зиёлиларни ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, хусусан таълим соҳасига ҳам жиддий эътибор қаратган.

Қарийб 7 йилдирки ҳали депутат мақомини олмай туриб, Сергели туманидаги имконияти чекланган болалар учун ёрдамчи ҳисоланмиш 33-сонли мактаб ўқувчиларини, ҳудди шу турдаги маҳсус коллежга қатнаши учун ўзи раҳбарлик қилаётган корхона ҳомийлигида алоҳида автобус ажратиб холисона хизмат йўлида жонбозлик кўрсатиб келади. Кўнгли ўксик фарзандларимизнинг холидан хабар олиш мақсадида мактабга доимо ташриф буюриб туради. Шундай ташрифлар чоғида мактаб биносининг томи таъмирталаблигини кўрган Фарход Равшанович бошқараётган корхона ҳомийлигида муассаса томини тўла таъмирдан чиқаришга эришди.

33 - мактаб директори Азиза Солиховна:

- Фарход Абдуллаев Тошкент шаҳар Кенгаши депутати. Лекин у Сергели туманидан сайланмаганлигини баҳона қилиб, менинг худудим эмас, демак менинг вазифамга ҳам эмас”,- дея бош қўшмай юриши ҳам мумкин эди. Лекин у хақиқий депутат. Доимо халқ билан бирга бўлишга интилади, уларнинг дарди билан яшайди. Ўзбекистон “Адолот” СДП туманимизда ва шаҳарда турли лойиҳалар билан ўзлари ҳам, депутатлари ҳам доимо халқ ичида. Олисимизни яқин, синиғимизни бутун этган депутатимиз ва партиядагилар нафақат ушбу мактаб ва коллежда тарбияланаётган болалар балки уларнинг устозлари ва ота-оналарининг ҳам оғирини енгил этиб, хурсандчилиги ва мамнуниятли дуоларига сазовор бўлмоқда”, деб ўз миннадорчилигини изҳор этди.

Сергели тумани “Ал Фарғони” МФЙ раиси Наргиза Исакова:

- Маҳалла чорраҳасида светофор йўқлиги сабаб мунтазам йўл ҳаракати ҳодисалари содир бўлиб турар эди. Афсуслар бўлсинки бунинг оқибатида инсонларнинг ногирон бўлиши, ҳатто бевақт қурбон бўлиши ҳолатлари ҳам учраган. Бундай вазиятларни кўриб куйинган Фарҳод Абдуллаев чорраҳага светофор қўйишни сўраб йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Таъкидлаш жоизки. сўровга жавобан ўз навбатида мутасадди бошқарма ҳам тезкорлик билан жойни ўрганиб масала ижобий ҳал этилгани ва натижада аксар кўнгилсизликлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олди олингани одамларнинг кўнглини кўтарадиган иш, – дея эътироф этилмоқда.

Биргина 2017 йил давомида депутатга мурожаат этиб, ҳал бўлган муаммолар ва бажарилган ишларни санаб ўтадиган бўлсак, у ўзи сайланган Яшнабод тумани 35-сайлов округи худудидаги 165, 558-МТМлар, 149, 255-сонли умумий ўрта таълим мактаблар ҳолатини яхшилаш бўйича депутат сўрови натижасида, 165-МТМ реконструкция қилинди ташаббускор тадбиркорларни жалб этиб, 9 та маҳалладан 9 нафар ногиронлиги бор шахсга ногиронлик араваси ҳамда 69 нафарига совғалар тақдим этилди. 9 та нуронийларга соғлигини тиклаш учун “Оқ тош” дам олиш уйига юборилди. 84 нафар Иккинчи Жаҳон уриши ва фронт орти меҳнат фахрийларига ташаббускор тадбиркорлар иштирокида совғалар тарқатилди. Чамаси 10 йилдан буён ишламаётган икки дона лифт капитал таъмирлаб ишга туширилишига эришилди. 17 йилдан бери носоз холдаги дренаж насос ишга туширилди, шу каби мисолларни яна узоқ давом этириш мумкин.

Депутатанинг ишларидан руҳланиб, ўрнак олаётган инсонлар ҳам талайгина. Улар ҳам ижтимоий ва сиёсий фаол бўлишга, фуқоровий позицияларини номоён этишга ҳаракат қилмоқда. Фарҳод Абдуллаевга ҳавас қилган ва депутатлик фаолияти гувоҳи бўлиб юрган хамкасблари Икром Бабаханов, Мирлазиз Саидов ҳамда Равшан Гуламовлар ҳам партия фаоллари сифатида сиёсий жараёнларда иштирок этиб натижада туман Кенгаши депутатлигига сайланишди. Тажрибали депутат устозлик этаётгани сабаб улар ҳам сезиларли натижаларни кўрсатмоқда. Депутатлар фаолият олиб бораётган корхона ёшлари бу “мактаб”дан унумли фойдаланиш ва тараққиётимизга ҳисса қўшишни истаб бугунги жадаллик билан ўтаётган хаётимизда демократик ташаббуслари ва сиёсий позициялари билан собит ҳаракатланмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ янги аъзолар ва янги бошланғич партия ташкилоти шаклланди. Ташкил этилган янги БПТга раис сифатида Самандар Юнусов тавсия этилди. 23 ёшли Самандар ҳорижда, Сингапурдаги олийгоҳни тамомлаб юртимиз равнақи учун ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистонга қайтиб келиб ўз фаолиятини бошлади. Касбий вазифаси билан бир қаторда партиямиз лойҳаларини амалга ошириш баробарида жойлардаги муаммо ўрганишларда ва партия дастурий мақсадларини тарғиб этишда иштирок этиб келади. Ушбу ҳаракатларини инобатга олган ҳолда туман Кенгаши йиғилишида Самандар Юнусовнинг номзоди янги ташкил этилган БПТги раиси дея тасдиқланди.

“Яхшиликни ҳар ким ҳар куни қилиш керак” деган гапларни бот-бот эшитамиз, аммо бу фақат баландпарвоз гап эмас амалдаги ишида кўринаётган депутатларимиз борлиги кишини қувонтиради. Қани энди ҳаммамиз ҳам қўлимиздан келадиган, биз билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишни ижобий ҳал этсак ҳаётимиз бунданда фараҳбаҳш бўлмасди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг