Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 09/05/2019 Деҳлида “Шараф лентаси” акцияси тадбири ўтказилди
Dehlida “Sharaf lentasi” aksiyasi tadbiri o'tkazildi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 9 – май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонасида байрам тадбири ўтказилди. Унда Ҳиндистонда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз иштирок этишди. Меҳмонларга иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, ҳаёт бўлган фахрийларни қадрлаш ва шарафлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг тадбирда қатнашган барча ҳамюртларимизга тантанали равишда “Шараф ленталари” тарқатилди.

Умирбек Муротов - Деҳли Технология Университети талабаси:

«Ушбу фурсатдан фойдаланиб 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан барча ватандошларимизни табриклайман. Мен “Шараф лентаси”ни тақар эканман, Иккинчи жаҳон уруши майдонларида ўз жонини фидо қилган ва бизнинг тинчлигимиз учун курашган ота-боболаримиз хотирасига таъзим қиламан. Қолаверса бугун кексалик гаштини сураётган фахрийларимизга ўзимнинг чуқур эҳтиромимни изҳор қиламан. Мен ўзим таълим олаётган олийгоҳда ҳар томонлама пухта билимларни эгаллаш орқали аждодларимизга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қиламан ва ўқишимни тамомлаганимдан сўнг Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман».

Надежда Прудникова:

«Мен бир неча йилдан бери Деҳли шаҳрида истиқомат қиламан. Бугун Ҳиндистондаги ватандошларимиз билан элчихонада ташкил этилган “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган тадбирда иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Шу муносабат билан Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиб, оловли жанг майдонларидан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтган фахрийларимизни, барча ватандошларимизни муборакбод этаман. Бугунги осойишта кунларимиз учун аждодларимиз олдида доимо таъзимдамиз».

Қудратхўжа Карахўджаев – тадбиркор:

«Мен айни вақтда хизмат сафари билан Деҳли шаҳрида бўлиб турибман. Бугунги “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида “Шараф лентаси”ни тарқатиш акциясида иштирок этаётганимдан жудаям хурсандман. Юртимиз тинчлиги учун жон фидо қилган аждодларимиз, уруш фахрийларимизнинг ёрқин хотирасини қалбимизда сақлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни “Хотира ва қадрлаш куни” билан чин юракдан табриклайман».

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг