Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонада «Маданий мулоқот: Ўзбекистон туризми ва пазандачилиги» номли тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир турли соҳаларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи 100 мингдан зиёд аёлни бирлаштирган «Magicka” Ҳиндистон тадбиркорлар форуми билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда ишбилармонлар доиралар вакиллари, олимлар, рассомлар, журналистлар, Ҳиндистон университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар қатнашди.
Иштирокчиларга дастлаб Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ҳиндистонлик экспертлар маърузалари, шунингдек, видеоконференц-алоқа орқали Ўзбекистон тадбиркор аёллар уюшмаси раиси Гулнора Маҳмудованинг тақдимоти тингланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон амалий санъати намуналари, ўзбек миллий либослари ва таомлари кўргазмалари ташкил этилди. Меҳмонларга юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеотақдимот намойиш этилди.
Иштирокчилар бундай тадбирлар «халқ дипломатияси»нинг муҳим воситаси эканини ва ҳинд халқини Ўзбекистоннинг серқирра маданияти билан яқиндан таништириш имконини беришини таъкидлади.
– Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи мазкур тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман, – дейди Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм ва маданият элчиси Риту Бери. – Ҳинд ва ўзбек халқларининг маданияти ва санъати ўхшаш, мамлакатларимиз ўртасида тарихий дўстона муносабатлар қарор топган. Бундай тадбирлар халқларимизнинг яқинлашувига ва Ўзбекистоннинг бой туризм имкониятларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
– Ҳинд кино санъати вакили сифатида шу йил август ойи бошида Ҳиндистон – Ўзбекистон кинофестивалини ўтказишни режалаштираётганимизни маълум қилмоқчиман, – дейди «Marwah Studio» кинокомпанияси президенти Сандип Марва. – Бу мамлакатларимиз маданий алоқаларини янада мустаҳкамлайди, деган ниятдамиз.