Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ва «Investia Venture Capital» инвестиция компанияси асосчиси Самир Ал-Алаили бошчилигидаги Миср делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Миср делегацияси иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўлган қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва қурилиш саноати, молия сектори, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналар вакилларидан иборат.
Учрашувда савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати ва туризм каби устувор соҳаларда кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини тақдим этди. Ушбу соҳаларда инновацион ёндашувлар ва тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилиб, қўшма ташаббусларни ривожлантиришга келишиб олинди.
Суҳбат чоғида ҳар икки томон ишбилармонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ҳар жиҳатдан ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.