Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 06/11/2024 Давлат-хусусий шериклик дастурлари юзасидан фикр алмашинувлар ўтказилди

Давлат-хусусий шериклик дастурлари юзасидан фикр алмашинувлар ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Туркманистон Республикаси ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари иштирокида Туркманистон учун Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик дастурлари бўйича маслаҳатлашув ва тажриба алмашиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг Иқтисодий ривожланиш департаменти бўлим бошлиғи Сердар Ашйров, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш департаменти директори Илҳом Умрзаков, ОТБнинг хусусий секторни ривожлантириш бўйича катта мутахассиси Дмитрий Кабрелян ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Мулоқот давомида давлат-хусусий шериклик соҳасида Ўзбекистон тажрибаси, хусусан, 2019 йилдан бошлаб соҳада амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари, ДХШ дастурларини ривожлантиришда шакллантирилган норматив-ҳуқуқий база, ҳозирда ДХШ йўналишида Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик олиб бораётган халқаро ҳамкорлар ва уларнинг аҳамияти, шунингдек, ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари ва уларнинг асосий таркибий қисмлари ҳамда эътибор берилиши зарур бўлган асосий жиҳатлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Шу билан бирга, муҳокамалар давомида томонлар мамлакатимизда солиқ бошқаруви соҳасида амалга оширилган ишлар, хусусан, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган муҳит ва тадбиркорлар учун берилган енгилликлар юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда фикр ва тажриба алмашинув жараёнларини кенгайтиришга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг