Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари давлат озиқ-овқат захираларини бошқариш бўйича хориж тажрибасини ўрганди.
Кўпгина ривожланган давлатлар, шу жумладан АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ва бошқалар дон ва озиқ-овқат захираларини ғамлайди. Бироқ, захирага олиш стандартлари турлича. Швейцария ва АҚШ каби баъзи мамлакатларда ғамланган озиқ-овқат захиралари 5 йил давомида зарур миқдордаги озиқ-овқат тақсимотини таъминлаш учун етарли.
Ҳар бир мамлакатда озиқ-овқат захираларини бошқариш учун ихтисослашган ташкилотлар ташкил этилган. Масалан, Ҳиндистонда бу масала билан Ҳиндистон озиқ-овқат корпорацияси, Хитойда ХХР Тараққиёт ва ислоҳотлар миллий комиссияси ҳузуридаги Озиқ-овқат ва моддий ресурслар давлат бошқармаси, Россияда Давлат захиралари бўйича федерал агентлик, Қозоғистонда “Озиқ-овқат корпорацияси МК” АЖ, Молдовада Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Моддий захиралар агентлиги шуғулланади.
Мамлакатларда марказлаштирилган фондлардан ташқари ҳудудий барқарорлаштириш фондлари ҳам фаолият юритади. Улар озиқ-овқат хавфсизлигини ҳудудлар, республика аҳамиятига молик шаҳарлар, пойтахтлар даражасида таъминлаш, шунингдек, нархларни барқарорлаштириш механизмларини самарали ва ўз вақтида қўллаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ вазифаларни бажаради.
Нархларнинг жиддий тебранишини бартараф этишнинг самарали воситаларидан бири интервенцион харидлардир. Бу усул 2013-йилдан бери Европа Иттифоқида фаол қўлланилмоқда. Европа Иттифоқида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам интеграция фонди ҳисобидан таъминланади. Унинг каттагина қисми сут маҳсулотлари, дон, шакар бозорини барқарорлаштириш, шунингдек, белгиланган ягона нархларни сақлаш учун ажратилади.
Шундай қилиб, ҳар бир мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат захираларини бошқариш учун масъул тегишли органлар ташкил этилган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат захираси учун давлат харидлари амалга оширилади ва у қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:
- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- озиқ-овқат бозорида талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш;
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш;
- ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини билвосита тартибга солиш.