Ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ сенаторлар “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишларида назарда тутилмаган ҳамда юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган.
Қолаверса, ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона органнинг белгиланмаганлиги кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига, коррупциявий омиллар пайдо бўлишига олиб келиши билан бир қаторда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига ҳам тўсқинлик қилаётган эди.
Муҳокама қилинаётган қонун билан юқорида қайд этилган муаммолар ўз ечимини топиши кўзда тутилмоқда.
Хусусан, қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириши, фуқароларга суд жараёнларида ишончли ҳимояланиш имкониятини яратиши ҳамда амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ортади ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатлари кучайтирилади, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартиби жорий этилади ҳамда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.