Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 27/09/2017 Данғарада тиббиёт муассасаси қаттиқ танқид қилинди
Данғарада тиббиёт муассасаси қаттиқ танқид қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан O‘zLiDeP томонидан жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги Сойшилдир, Оқтепа, Овул, Бўриқум МФЙлари аҳолиси билан учрашув ташкил қилинди.

Тадбирда сўз олганлар жойларда ташкил этилаётган мулоқотларда тадбиркорлик субъектларининг ривожланишда юзага келаётган тўсиқларни бартараф этиш, бандлик, банк кредит, соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар, коммунал хизмат ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш каби масалалар юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлигини айтиб ўтди.

Мазкур учрашувда ҳам фуқаролар ўз ечимини кутаётган масалаларни кўтариб, соҳа вакиллари ва депутатлар иштирокида атрофлича муҳокама этдилар.

Фуқаро Усмонжон Ҳошимов Санам қишлоғининг ички йўллари кўп йиллардан буён асфальт қилинмаганлиги, аҳоли ёғингарчилик туфайли ҳосил бўладиган лойдан, ёзда эса чанг-тўзондан қийналиб келаётганлигини, аҳолига қулайликлар яратиш учун кўчани асфальтлашда амалий ёрдам берилишини сўради.

— Айниқса, қишлоғимизнинг асосий кўчаси жуда ҳам ачинарли аҳволда, - дейди оқтепалик фуқаро Ферузахон Шомуродова. —Бугунги мулоқотда O‘zLiDeP депутатлари ва фаолларидан шу масалани ижобий ҳал этишларини сўраб мурожаат қилдик. Мрожаатимизга жавобан туман “Ободонлаштириш” бўлими бошлиғи Умиджон Ҳайдаралиев мазкур кўчаларни асфальтлаштириш 2018 йилги дастурга киритилганлиги аммо ёғингарчилик кунлари яқинлашаётганлигини инобатга олиб, ишларни тезлштиришга ваъда берди.

Мазкур ҳудудда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиб келаётган Ишончбек Ортиқов ҳам мулоқотда ўз муаммосини кўтарди.

—Кўп йиллардан буён кийим қуритиш мосламаси (сушилка) ишлаб чиқарамиз, - дйди, у. —Ҳозиргача 15 та ишчи ўрнини яратганмиз. Фаолиятимизни “Ишонч” СИУ ташкилотининг балансидаги ташландиқ бинода олиб бормоқдамиз. Мазкур бинони хусусийлаштириб беришларини сўраб, кўп маротаба туман ҳокимлигига мурожаат қилганман. Агар бино бизнинг ихтиёримизга ўтса, ишимизни кенгайтириб, яна 40 та иш ўрнини яратар эдик.

Бу масалани ҳал этишда тадбиркорга яқиндан кўмаклашиш вазифаси туман партия депутатлик гуруҳи зиммасига юклатилди.

Шунингдек, учрашувда аҳоли саломатлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Мулкобод қишлоғидаги оилавий поликлиника ҳамда тез тиббий ёрдам бир бинода жойлаштирилганлиги, беморлар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, бинонинг санитария ҳолати ёмонлиги, тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти бу масалага панжа ортидан қараётганлиги танқид қилинди.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Мақсуджон Абдуллаев ҳамда даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари Мирзараҳим Турдиматов айтилган танқидлар ўринли эканлигини, қисқа муддатларда таъмирлаш ишлари бошланишини, аммо айрим масалалар вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига боғлиқ эканлигини қайд этишди ва бажарилган ишлар бўйича туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳига ҳисобот тақдим этиб боришга келишиб олинди.

Мулоқот давомида Санам қишлоғида 10 йилдан буён инсульт туфайли оёқ-қўли ишламай бир жойда бемор бўлиб ётган, боқувчиси йўқ, оғир шароитда яшаб келаётган Жамилахон Жўраева ҳолидан ҳам хабар олинди. Унинг яшаш шароити билан танишган партия фаоллари у ногиронлик аравачасига жудаям мухтожлигини эътиборга олиб, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига тез кунда ногиронлик аравачаси билан таъминлаш чора-тадбирини кўриш вазифаси топширилди.

Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан айтилган ва уларни қийнаб келаётган айрим масалалар тегишли тартибда ўрганилиб, халқ депутатлари Данғара туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари таркибидаги ишчи гуруҳ тузилди. Мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш ва уларнинг натижаси юзасидан назорат-таҳлил функцияларини амалга ошириш ва тегишли мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиш вазифалари белгиланди

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг