Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 06/12/2017 “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
“Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани жадал ривожлантиришни таъминлаш, кўрсатилаётган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда – Ўзмиллийбанк):

Тошкент вилоятининг Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси чегараси доирасида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини (кейинги ўринларда – эркин туристик зона) ташкил этиш;

эркин туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар қуриш, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар эркин туристик зонанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

эркин туристик зонада замонавий туризм инфратузилмаси объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)ни, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш;

ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш;

транспорт воситаларининг арзонлигини таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (поезд, электропоезд, автобус), шу жумладан, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти йўналишларини кенгайтириш, унинг тўхтовсиз ҳаракатини ташкил этиш, тегишли транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини, шу жумладан, туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, минтақа ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш йўли билан яратиш;

эркин туристик зона ҳудудида лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар (шу жумладан, хорижий инвесторлар) учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш;

энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни синов тариқасида жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизимни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.

3. Белгилансинки:

эркин туристик зона эркин иқтисодий зона ҳисобланади;

эркин туристик зона ва эркин туристик зона иштирокчилари сифатида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари, шу жумладан, эркин иқтисодий зоналар ва улар иштирокчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади;

эркин туристик зонанинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади.

4. Тошкент вилоятининг эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда – маъмурий кенгаш) зиммасига эркин туристик зона бўйича маъмуриятчилик функциялари юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти директори маъмурий кенгаш таркибига киритилсин.

5. Тошкент вилояти ҳокимлиги маъмурий кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ташкил этилаётган эркин туристик зонанинг аниқ чегараларини белгиласин.

Белгилансинки, эркин туристик зона Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси доирасида яхлит ҳудуд кўринишида, шунингдек, алоҳида ҳудудлар кўринишида белгиланиши мумкин.

6. Вазирлар Маҳкамаси икки ойлик муддатда эркин туристик зонага кирувчи ҳудудлар чегараларини белгилаш, шунингдек, “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Дирекциясини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.

7. Қуйидагилар:

эркин туристик зонанинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб – Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси;

энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан (қуёш, шамол, геотермал) фойдаланган ҳолда муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш, шунингдек, эркин туристик зонанинг экологиясини сақлаш учун замонавий тозалаш иншоотлари ва иссиқлик билан таъминлаш объектларини қуриш бўйича бош лойиҳа, бош пудратчи ва фойдаланувчи ташкилот этиб – “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ;

эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилоти этиб – “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК белгилансин.

8. “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК олти ой муддатда халқаро маслаҳатчиларини жалб қилган ҳолда эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда маъмурий кенгаш билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Эркин туристик зона ҳудудида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш учун киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда эркин туристик зонанинг бош режаси ва ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ҳақ тўлаш, эркин туристик зонанинг ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаси асосида эркин туристик зонанинг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, маъмурий кенгаш билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига эркин туристик зонада амалга ошириш ва жойлаштириш учун лойиҳаларни танлаш мезонлари бўйича таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) эркин туристик зонада амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилишини таъминласин.

Белгилансинки:

Жамғарма томонидан ажратиладиган кредит линияси маблағларини қайта молиялаштириш Ўзмиллийбанк, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБ томонидан амалга оширилади;

кредит линияси доирасида хорижий валютадаги кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр, 2 фоиз қўшилган 6 ойлик ЛИБОР ва банкнинг 0,5 фоиз миқдоридаги маржасига тенг бўлган фоиз ставкаси билан 7 йилгача муддатга тақдим этилади;

Жамғарма кредит линияси маблағлари замонавий импорт жиҳозлари ва технологияларини харид қилиш учун инвестиция лойиҳаси қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган суммада ажратилади.

11. Ўзмиллийбанк, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБга:

эркин туристик зона ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларида 100 фоизгача банк улуши билан, шу жумладан, банкларнинг тегишли инвестиция компаниялари орқали иштирок этиш;

амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молиявий институтлар, хорижий банклар ва бошқа инвесторлар – юридик ва жисмоний шахслар (шу жумладан, хорижий), давлат ва нодавлат жамғармалар, корхона ва ташкилотларнинг грантлари, кредит линиялари ва инвестицияларини, беғараз молиявий ёрдамларини ҳамда тижорат банкларининг кредитларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда эркин туристик зона ҳудудида интеллектуал транспорт, геоинформация тизими ва бошқа шу кабиларни назарда тутувчи хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ойлик муддатда туристларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шу жумладан, тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин, бунда эркин туристик зонанинг тиббиёт муассасалари, хусусан соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини муассасалари билан таъминланишига, уларнинг замонавий жиҳозлар ва юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратсин.

14. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси (ва ортга) йўналиши бўйича, зарур ҳолда янги қулай йўналишларни жорий этган ҳолда, комбинациялашган йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ–2916-сон қарори билан ташкил этилган Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда маиший чиқиндиларни эркин туристик зона ҳудудидан энг яқин чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига олиб чиқиб кетишни тизимли равишда ташкил этиш бўйича чоралар кўрсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзмиллийбанк билан биргаликда икки ой муддатда:

Чорвоқ эркин туристик зонасини янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ҳамда уларни маъмурий кенгаш ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 5 декабрь.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг