Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Ўзбекистон 14/04/2012 Чиқиндиқларни қайта ишлаш муаммоси депутатлар муҳокамасида
Чиқиндиқларни қайта ишлаш муаммоси депутатлар муҳокамасида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2012 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан «Чиқиндиларни қайта ишлаш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва девони ходимлари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов олиб борди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси халқаро хуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни муҳофаза қилишга, аҳоли саломатлигини ҳимоялашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритаётгани давра суҳбати иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Таъкидландики, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий янги технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар миқдорини 2,1 баравар, оқова сувлар ташланишини 2 баравар камайтиришга эришилди. Мамлакатимизда «Минг йиллик ривожланиш дастури» мақсадларига эришиш, Хавфли чиқиндиларнинг тарансчегаравий олиб ўтилиши ва уларнинг йўқ қилинишини назорат қилиш тўғрисидаги Базель Конвенцияси талаблари асосида чиқиндиларни бошқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,бу масалаларни қонуний жиҳатдан тартибга солиш мақсадида 2002 йилда «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди, «Ўзбекистонда барқарор тоза ишлаб чиқариш дастурини ишлаб чиқиш ва тоза ишлаб чиқаришни тадбиқ этиш» лойиҳаси амалга оширилди. БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этаётган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкига хавф туғдираётган экологик муаммолардан бири – чиқинди масаласи долзарблигича қолмоқда.

Маълумотларга қараганда, республикамизда йилига 100 млн. тоннадан ортиқ саноат чиқиндилари (унинг 14 фоизи токсик чиқиндилар тоифасига мансуб), 35 млн. тоннага яқин маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Бундан ташқари, чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 млрд. тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқиндилар сақланаётганлигини ҳамда бу чиқиндилар бугунги кунда 12 минг гектар майдонни эгаллаб турганини инобатга олсак, уларнинг салбий таъсир доираси қанчалик кенг эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Мазкур муаммонинг ечимини топишда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳисобига замонавий чиқитсиз ва камчиқитли технологияларни жорий этиш, ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга шарт-шароит яратиб бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни утилизация қиладиган ва қайта ишлайдиган корхоналар жуда кам бўлгани ҳолда бундай корхоналарни ташкил қилиш ва қўллаб- қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Амалдаги қонунга киритилаётган асосий қўшимчаларда чиқиндиларни тўплаш, турларга ажратиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, улардан қайта фойдаланишга қаратилган самарали инфратузилмани ташкил қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши ҳамда чиқиндиларни турларига қараб классификация қилиш қонуннинг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати иштирокчилари муҳокама этилган масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Анжуман якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг