Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Ўзбекистон 11/07/2025 Чиқинди хизматларидан қарздор абонентларнинг август ойидан бошлаб электр энергияси тўловига чеклов ўрнатилади

Чиқинди хизматларидан қарздор абонентларнинг август ойидан бошлаб электр энергияси тўловига чеклов ўрнатилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025 йил 1 августдан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларидан қарзи бўлган истеъмолчилар учун электр энергияси тўловларига янги чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.

Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг «2100» қисқа рақами орқали «СМС» хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 (беш) кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим! 

Акс ҳолда, абонентлар томонидан белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса: уларда электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.

Маълумот ўрнида, ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланилади.

Шу ўринда, санитар тозалаш корхоналари чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун жавобгар ҳисобланади. Агар абонентларга санитар тозалаш хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилмаса кўрсатилмаган кунлардаги хизматлар учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Фуқароларда чиқиндиларни қайта ишлаш тизими ёки кўрсатилаётган хизматлар сифати билан боғлиқ фикр ва мулоҳазалар бўлса, 1205 қисқа рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти март ойида электр энергияси учун тўлов ва чиқинди йиғимларини ўз вақтида тўлаш ўртасидаги боғлиқликни ўрнатувчи қонунни имзолаган эди. Қонун жорий йилнинг 8 июнидан кучга кирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг