Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Иқтисод 29/12/2024 Centrum Aviation FZCO компанияси Uz-Koram Kompani МЧЖни сотиб олди

Centrum Aviation FZCO компанияси Uz-Koram Kompani МЧЖни сотиб олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Aviation FZCO компанияси Uz-Koram Kompani МЧЖнинг давлатга тегишли 100% улушини $24 миллионга сотиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Приватизация жараёнида Portfolio Investments маслаҳатчиси Европа, Ғарб ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда МДҲ давлатларидан бешта маҳаллий ва халқаро инвестордан қизиқиш билдириш учун аризалар (Expression of Interest) олган.

Кейинги босқичда тўртта даъвогар мажбурий таклифлар (BO) беришга таклиф этилган, бир даъвогар молиявий ресурсларнинг етарлилигини тасдиқлай олмаганлиги сабабли саралашдан ўтмаган.

Белгиланган муддатда икки даъвогар ўз мажбурий таклифларини тақдим этди. Савдолар ғолиби этиб, энг юқори нарх — $24 миллион таклиф қилган Centrum Aviation FZCO (БАА) компанияси тан олинди.

Бу таклиф корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори бўлиб, маслаҳатчи томонидан ҳисобланган индикатив нархлар доирасида юқори чегарага яқин бўлди.

Centrum Aviation FZCO 10 йил давомида корхонанинг асосий фаолияти профилини сақлаб қолиш, General Motors (АҚШ) томонидан тасдиқланган техник хизмат кўрсатиш лицензия битимларига риоя қилиш ҳамда технологик ускуналар бўйича бош иттифоқ шартномаси талабларини бажариш мажбуриятини зиммасига олди.

Приватизация натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва бошқариш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссияси томонидан маъқулланди.

Centrum Aviation FZCO — Centrum Holding таркибидаги компания бўлиб, юк ташиш, авиация соҳасида брокерлик хизматлари ва ҳаво кемаларини лизингга бериш билан шуғулланади. Компания Ўзбекистонда Centrum Air бренди остида хизмат кўрсатади.

Uz-Koram Co 1998 йилда Жанубий Корея инвесторлари иштирокида автотранспорт воситалари учун кузов қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида ташкил этилган. Корхона «Ўзавтосаноат» тизимига кириб, йилига 250 000 дан ортиқ олд ва орқа бамперлар, панеллар ҳамда бошқа автодеталлар ишлаб чиқаради. Жорий йилнинг апрель ойида корхона давлат хусусийлаштириш дастурига киритилган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг