Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Технологиялар 11/04/2025 Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блер IT Park Uzbekistanъга ташриф буюрди

Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блер IT Park Uzbekistanъга ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блер бошчилигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistanъга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида дастлаб делегацияга IT Park Uzbekistan ва Рақамли технологиялар вазирлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, асосий йўналишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида тақдимот қилинди.

Шунингдек, Тони Блер IТ мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган Ustudy IT академияси фаолияти, муҳим инфратузилмаларнинг киберхавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион лойиҳалар маркази — UZSOC ҳамда Ягона интегратор UZINFOCOMда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли ечимлар соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташрифнинг асосий қисмида Шерзод Шерматов ва Тони Блер ўртасидаги учрашувда Ўзбекистондаги рақамли инфратузилмани ривожлантиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, халқаро аутсорсинг хизматларини Ўзбекистонда ривожлантириш, маҳаллий IТ мутахассисларини жаҳон бозорига тайёрлаш, Coursera платформаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган таълим дастурлари, хорижий IТ компаниялар учун IT Park Uzbekistan томонидан яратилган шароитлар, солиқ имтиёзлари, жумладан, “Zero Risk” каби кенг қамровли лойиҳаларнинг ижобий натижалари муҳокама этилди.

Учрашувда, шунингдек, ёш мутахассисларни сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳасида ўқитиш борасидаги ҳамкорлик имкониятлари, инглиз тилини ўқитиш даражасини ошириш, хориждан мураббийлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда тренинг ва семинарлар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонни “IT Hub” сифатида тарғиб қилиш ва Европа компанияларни IT Park резидентига айлантириш орқали уларнинг харажатларини оптималлаштириш ва масофавий ишлаш имкониятларидан фойдаланиб, бизнесларини ривожлантириш бўйича таклифлар берилди.

Бундан ташқари, DataVolt ACWA Power билан ҳамкорликда барпо этилаётган «яшил» маълумотлар марказлари салоҳиятидан фойдаланиш учун йирик булутли компанияларни таклиф этиш ҳамда Саудия Арабистони тажрибаси асосида тўғридан-тўғри инвестициялар орқали янги маълумотлар марказларини қуриш учун инвесторларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, рақамлаштириш, стартаплар учун қулай экотизим яратиш, чет эл компанияларини мамлакатга жалб этиш юзасидан ҳам фикрлар алмашишди.

Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Тони Блерни жорий йил июнь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган БМТ Давлат хизмати форумида ва 23-25 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "ICT Week Uzbekistan" тадбирида иштирок этишга таклиф қилди.

Томонлар учрашув учун миннатдорлик билдириб, келгуси лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошишига умид билдиришди.

Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блер томонидан 2016 йилда ташкил этилган институт халқаро нотижорат ташкилот ҳисобланади. У турли мамлакатларга барқарор ва инновацион ривожланишнинг янги моделларини ишлаб чиқишда, иқлим ўзгариши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда кўмаклашади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг