Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 31/08/2020 Бухорода «Bukhara Desert Oasis & SPA» дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди
Бухорода «Bukhara Desert Oasis & SPA» дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди

Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда, туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Ромитан тумани Варахша массивида сайёҳлик дам олиш масканларини ташкил қилишга доир тегишли тавсиялари билан бўлишган.

30 август куни ушбу «Bukhara Desert Oasis & SPA» дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг табрик сўзини ўқиб эшиттириш билан очиб берди.

«Бугун юртимизда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг долзарб чоралари кўрилмоқда. Бу борада Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати, маҳаллий авиа ва темир йўл қатновига рухсат берилиб, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти тиклангани сайёҳлик учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Қисқа муддатда фойдаланишга топширилаётган ушбу объект тез фурсатда маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг севимли жойига айланиб улгуради», - деди Азиз Абдуҳакимов.

Очилиш маросимида шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров, Инновацион туризм кластери ғоя муаллифи Туйғун Бобоев, Инновацион туризм кластери арт директори Наргиза Мирзаулокова, "Safari Vogue" МЧЖ раҳбари, инновацион туризм кластери ижрочи директори Насриддин Файзиев ва бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди.

Мазкур туристик мажмуа ушбу ҳудуднинг 10,0 гектар майдонини эгаллаган бўлиб, қўшимча 30,0 гектар майдонда агро-эко боғлар ва иссиқхоналар барпо этилган. Объектнинг биринчи босқичида 500 нафар, кейинги босқичларида эса бир вақтнинг ўзида минг нафардан ортиқ дам олувчилар ва сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилади. Эътиборлиси, бу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач ҳозирда 100дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, сайёҳлик объектида ўрта асрлардаги Бухоронинг тарихий манзаралари - Варахша терассаси, Сардоба, карвонсарой мажмуаси, пляж, ҳозирда 80 ўринга мўлжалланган ўтовлар, миллий ва Европа таомлари ресторанлари, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ, ваквадрацикллар, от ва туяларда саёҳат, электромобил, ЖИП каби транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади. Масканга ташриф буюрувчилар учун очиқ табиат қўйнида ажойиб театрлаштирилган томошалар ва кўнгилочар шоудастурлари намойиши йўлга қўйилган.

Таҳллиларга кўра, 2019 йилда Бухорога ташриф буюрган сайёҳлар оқими қарийб, 3,5 бараварга биргина хорижий туристлардан вилоят иқтисодига 130,0 млн. доллардан зиёд тушум кузатилган, бу эса 4 йил аввалги кўрсаткичга (25 млн.долл.) нисбатан 5 бараварга кўп демакдир. Шундай экан, сердаромад туризм ривожида зарур инфратузилма барпо этилиши, янги туристик йўналиш ва хизмат турлари кўпайиши муҳимдир.

Шу боисдан, Бухородаги жойлаштириш воситалари ҳам уч маротабага ортиб, айни пайтда жами 366 та, шундан 151 та меҳмонхона, 36 та хостел,  179 та оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда. Нафақат, Бухоронинг тарихий қисми, балки қишлоқ туманлари ва чўл ҳудудларида ҳам туризм ривожи авж олмоқда. Хусусан, Бухоро яқинидаги Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида яқинда иш бошлаган «Пляж туризми» маскани, Қорақир, Оғитма, Шўркўл, Зикри, Девхона, Хадича кўллари бўйида туризм объектлари ташкил этилгани, «Жайрон» экотуризм қўриқхонаси, Олот тузли сув ҳавзаси ва қум барханлари атрофида туристик хизматлар кириб келиши бунга ёрқин мисол бўлади.

Буларнинг бари Ўзбекистонда туризм турларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш баробарида маҳаллий аҳолини қўшимча ишчи ўринлари билан таъминлаш ва шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг