Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилоятининг Вобкент туманида жойлашган Ширин маҳалласига “Ширин этнотуризм қишлоғи” мақоми берилди.
Тантанали маросимда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризм қўмитаси вилоят бошқармаси, Бухоро давлат университети, Вобкент тумани ҳокимлиги раҳбарияти, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари Ширин туризм қишлоғида ташаббускор тадбиркорлар томонидан 20 дан ортиқ меҳмон уйи, 10 га яқин ҳунармандчилик маркази, 20 дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш шохобчаси, ўттизга яқин балиқчилик, ҳалвопазлик, шўрданак тайёрлаш каби хизматлар, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун Wi-Фи нуқталари, ташкил этиш орқали 300 нафар кишини иш билан банд қилиш имконияти яратилаётганлигини таъкидладилар.
Сўнгги пайтда бу қишлоқ хорижий сайёҳларнинг ҳам гавжум саёҳат манзилларидан бирига айланиб бораётганлигини инобатга олиб, этнотуризм қишлоғини янада шакллантириш, ҳудуддаги «Shirin etno house» маркази фаолиятини ривожлантириш, ҳунармандлар маркази, қадимий сандал уйлар, деҳқончилик асбоб-анжомлари тайёрлаш, от ва туяда сайр қилиш, қадимий тош тегирмон иши, шунингдек, асаларичилик, шўрданак ва миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш каби удумларни маромига етказиб, чет эллик меҳмонларга ҳам намойиш этиш, тарғиб этишга эътиборни кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида йиғилганлар этник қишлоқ кўкаламзорлиги учун дарахт кўчатларини ўтқаздилар.