Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 16/10/2023 Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган фототанлови ғолиблари тақдирланди
Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган фототанлови ғолиблари тақдирланди

Маълумки, 16 октабрь куни дунё бўйича Бутунжаҳон озиқ-овқат куни деб белгиланган. Жорий йил 78 ёшга тўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ташкил топган кун. Бутунжаҳон озиқ-овқат куни 150 дан ортиқ мамлакатларда нишонланади. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тақвимидаги энг машҳур ва аҳамиятли халқаро кунлардан биридир. Бу бутун дунё бўйлаб очлик ва тўйиб овқатланмасликка барҳам бериш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида қарор қабул қиладиган кун. 2023 йилги Бутунжаҳон озиқ-овқат кунининг мавзуси – «Сув - бу ҳаёт. Сув - бу озиқ-овқат. Ҳеч ким эътибордан четда қолмасин» деб номланди.

Муҳим сана муносабати билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан олий ўқув юртлари талабалари ўртасида фототанлов ташкил этилган бўлиб, ёшлар эътиборини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда сув ресурсларидан оқилона ва барқарор фойдаланишнинг муҳимлигига қаратишга қаратилган.

Танлов шартларига кўра, иштирокчилар ўз ишларида қишлоқ хўжалигида сувнинг ролини акс эттиришлари, сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларининг ифлосланишига қарши курашиш муҳимлигини ва бошқа муҳим жиҳатларни кўрсатиб ўтишлари лозим эди. Республиканинг турли олий ўқув юртларида қишлоқ ва сув хўжалиги, ирригация, агротехнология, ветеринария, ўсимликшунослик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида таҳсил олаётган талабалар катта фаоллик кўрсатдилар. Танлов ҳакамлар ҳайъати таркибига қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги нуфузли мутахассислар, ФАО мутахассислари, таниқли фотосуратчилар киритилган. 

Жорий йилнинг 16 октабрь куни Тошкент Давлат аграр университетида Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган фототанлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ижодий танлов натижаларига кўра энг яхши асарлар муаллифлари аниқланиб, дастлабки учта ўрин ғолиблари қимматбаҳо совғалар – ноутбук, планшет ва смартфон билан тақдирландилар. Бундан ташқари, бир қанча иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлишди.

«Ёшларимиз, бугунги талабаларимиз, қишлоқ хўжалигини янада барқарор ривожлантириш, соҳани модернизация қилиш, иқтисодиёт ва аҳолининг доимий ўсиб бораётган эҳтиёжларини зарур ҳажмдаги сув ресурслари билан қондириш имкониятларини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз сув хўжалиги салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишларига умид билдирамиз», - деди ФАОнинг «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» лойиҳаси координатори Азиз Нурбеков.

Тадбирда таъкидланганидек, иқлим ўзгариши сув ресурсларига бўлган талабни оширмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ўн йилликларда сайёрамиз аҳолисига тўғри келадиган тоза сув миқдори 20 фоизга камайди. Барчамиз сувни, сувсиз ишлаб чиқарилмайдиган озиқ-овқатни ва озиқ-овқатсиз яшай олмайдиган сайёрамизни қадрлашимиз лозим. Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда сувдан фойдаланиш, истеъмол қилиш ва бошқариш усулларини ўзгартиришимиз давр талаби бўлиб қолмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг