- 2021 йилнинг 1 апрелидан мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланиб, шу кунгача жами 7 турдаги 49,8 млн. дозадан ортиқ COVID-19гa қарши вакцина олиб келинди, — дейди
Д. Турсунова. — Яқин ойларда юртимизга яна 12 млн. доза вакцина келтирилиши кутиляпти.
Маълумки, ҳозир коронавирус касаллиги тез-тез мутацияга учраб, ташқи муҳитга мослашмоқда. Бу эса унга қарши курашиш усулларини янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Хусусан, айни пайтда дунё экспертлари касалликка қарши тўлиқ дозаларда вакцина олган шахсларни бустер доза билан эмланишни тавсия қилмоқда. Сабаби вақт ўтгач, эмлангандан сўнг ҳосил бўлган антитаначалар миқдори пасая бошлайди ва организмни ҳимоя қила олмайдиган даражага тушиб кетади.
Бустер доза билан эмланиш эса бирламчи вакцина олгандан кейин ҳосил бўлган иммунитетни юқори даражага кўтариб беради. Яъни, бу орқали организмнинг курашувчанлик қобилияти ошади.
Бустер доза билан ҳозирча коронавирусга қарши 2 ёки 3 маротаба вакцина (тўлиқ эмлаш курси) олганлар бир бор эмланиши мумкин. Бунинг учун вакцинанинг биринчи дозаси олинганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлиши лозим.