Валюта курслари 25/08/2025
$1 – 12357.09
UZS – -0.46%
€1 – 14330.52
UZS – -0.95%
₽1 – 153.49
UZS – -0.88%
Қидириш
Туризм 25/08/2025 Булоқбоши туманида «Ширмонбулоқ» туристик зонасини барпо этиш ишлари бошланди

Булоқбоши туманида «Ширмонбулоқ» туристик зонасини барпо этиш ишлари бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида янги «Ширмонбулоқ» туристик зонасини ташкил этиш ишлари бошланди.

Лойиҳа Президентнинг ҳудудга амалга оширган ишчи ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Асосий мақсад — туманнинг туризм салоҳиятини очиш ва аҳоли ҳамда меҳмонлар учун замонавий дам олиш ҳудудини яратишдан иборат.

Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов келгуси мажмуа жойлашадиган ҳудудни кўздан кечириб, режалаштирилган ишлар билан танишди, шунингдек, маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ва масъул идоралар раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда тадбиркорлар ўз ташаббусларини тақдим этиб, туристик зона ривожида фаол иштирок этишга тайёрликларини билдирди.

“Ширмонбулоқ” туризм маскани 107 гектар майдонда барпо этилади. Лойиҳа доирасида қатор инфратузилма ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Жумладан:

йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

электр энергия таъминотини яхшилаш (1 дона ячейка, 6 500 метр электр узатиш тармоғи, 2 та трансформатор пунктлари);

ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш;

пиёдалар йўлакчаси, скамейкалар, латоклар ва ёритиш тизимларини ўрнатиш;

2 та кўтармали насос станцияси ва 1 км босим қувур тармоқларини қуриш;

йўл четларига латок ва томчилатиб суғориш тизимларини ташкил этиш.

Ушбу лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, “Ширмонбулоқ” нафақат туман аҳолиси, балки бутун вилоят ҳамда мамлакатимиз сайёҳлари учун мазмунли ҳордиқ чиқариш, туризм ва иқтисодий ривожланишда муҳим масканга айланиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг