Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сўз усталари “Bravo” жамоаси аъзолари ҳамда Ибрагимова Ҳалима Убайдуллаевналар билан муассаса ўртасида тузилган лицензия битимларининг талаблар ва шартлари қўпол равишда бузилганлиги яъни ўтказилган концерт дастурларида муассасага топширилган сценарийдан четга чиқиб, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатлар, фаҳшни тарғиб қилувчи ҳажвиялар орқали қизиқчилик санъатини беобрў этаётганлиги ҳамда ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига риоя этмаганлиги учун “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан “BRAVO” жамоа аъзоларига ҳамда Ибрагимова Ҳалимага берилган лицензиялар 2019 йил 26 февраль кунидан амал қилиши тугатилди.
Шу билан бирга, сўз усталари (“Гап йўқ-триоси”) Сардор Ташмуҳамедов, Лалиддин Холматов ва Санжар Исабаевлар ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган мазмунан саёз, мантиқ ва шеърият талабларига жавоб бермайдиган бачкана сўзлар ижросида бўлган “оммавий маданият” ва ахлоқсизлик ғояларини тарғиб этувчи видео клипларни ижтимоий тармоқларда тарқатганлиги учун огоҳлантирилди ҳамда келгусида шу каби ҳолатлар такрорланса, уларнинг лицензиялари ҳам тўхтатилиши маълум қилинади.
Манба: “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси расмий сайти.