Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Президентимиз ташаббуси асосида ташкил этилаётган “Book challenge” лойиҳаси доирасида бугун Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри марказида тантанали тадбир ўтказилди ҳамда вилоят ҳокими бошчилигидаги барча раҳбар ходимлар томонидан 3 мингдан ортиқ китоб мактабларга совға қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ва вилоят ҳокими Ғафуржон Мирзаев Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи тадбиркор аёл Гавҳарой Ҳусанова томонидан ташкил этилган хусусий кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этди ҳамда кутубхонага Президент совғаси — 1000 дан зиёд китобни топширди.
Шунингдек, бугун туманда барпо этилган “Жажжи билағон” нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ушбу муассасада инглиз ва рус тиллари чуқур ўргатилади, таълим олувчилар учун барча замонавий шароитлар яратилган.
Комил Алламжонов бу каби масканларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда Агентлик ўз лойиҳалари ва болалар китоблари билан иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.
Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги телеграм канали.