Буган, 15 декабрь куни Тошкент шаҳрида 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни ҳамда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган «Болаларга беринг дунёни» ва «Конституция – менинг нигоҳимда» танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
Онлайн танловлар Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
«Болаларга беринг дунёни» танловига ўқувчи-ёшлар томонидан жўнатилган 500 дан ортиқ ижодий иш орасидан мутлақ ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Хусусан, «Бола ҳуқуқларига оид энг таъсирли видеоролик» йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси Бексултан Нзаматдинов биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Шунингдек, «Бола ҳуқуқларига оид энг маъноли чизилган расм» йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман «Баркамол авлод» болалар мактаби тўгараги аъзоси Гуласен Алланова биринчи ўринга сазовор бўлди.
Ўз навбатида, «Конституция – менинг нигоҳимда» онлайн танловига мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ўқувчи-ёшлар томонидан жўнатилган 700 дан ортиқ ижодий иш орасидан мутлақ ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Биринчи ўрин Наманган вилояти, Давлатобод тумани, 58-умумий ўрта таълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Саидкомил Комилжоновга насиб этди.
Танлов ғолиблари сертификат ва қимматли совғалар, жумладан, планшет, телефон, смарт-соатлар билан тақдирланди. Танловда фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар ҳам сертификат ва китоблар тўплами соҳибларига айландилар.
Мазкур танловлар болаларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, Конституцияни билиш даражаларини намоён қилди. «Конституция – менинг нигоҳимда» онлайн танлови ёшларнинг Асосий қонунимиз мазмун-моҳиятидан яхши хабардор эканини кўрсатди. Энг муҳими, болаларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва бу борадаги кўникмаларини ривожлантириш истаги кучли экани яққол намоён бўлди.
Танлов иштирокчилари ва ғолиблари томонидан таъкидланганидек, ҳар икки танлов юртимиз ёшларида катта таассурот қолдирди ва уларнинг ўз ҳуқуқлари ва Конституция тўғрисидаги билимларини яхшилашга хизмат қилди. Шунинг учун бундай танловлар келгусида ҳам ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.