Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Спорт 04/04/2019 Болалар футболини ривожлантиришда Япония билан ҳамкорилик қилинади
Bolalar futbolini rivojlantirishda Yaponiya bilan hamkorlik qilinadi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 29 ноябрь куни Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Япониянинг «Ванфоре Кофу» клуби раҳбарлари билан Тошкентда учрашув ўтказиб, болалар футболини ривожлантириш, футбол академиялари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш масаласида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришганди.

Ана шунга асосан, жорий йилнинг 2 апрель санасида “Ванфоре Кофу” футбол клуби мамлакатимизнинг бир қатор болалар ва ўсмирлар футбол академиялари билан ҳалқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Бугун 4 апрель куни Миллий олимпия қўмитасида МОҚ президенти, ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов пойтахтимизда бўлиб турган «Ванфоре Кофу» клуби бош менежери Сатору Сакума билан учрашди. Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди. Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда футболни, хусусан, болалар футболини ривожлантиришда Япония билан ҳамкорлик қилишдан бағоят мамнун эканини билдириб ўтди.

«Биз Япония билан жуда яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Мамлакат футбол ассоциацияси президенти Козо Ташима билан ўзаро меморандум имзолаганмиз. Ана шу меморандум асосида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жаноб Ташима билан Қатардага учрашув чоғида ҳам ҳамкорлик бўйича музокара ўтказдик. 6 апрель куни ОФКнинг навбатдаги ассамблеяси бўлиб ўтади. Ана шу ассамблеяда ҳам Козо Ташима билан яна бир бор учрашиб, футболимизни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб оламиз. Бизнинг олимпия терма жамоамиз саралашдан муваффақиятли ўтиб, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ана шу мусобақага тайёргарлик доирасида Япония олимпия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишни режалаштирганмиз.

«Ванфоре Кофу» клубидан ҳам жуда миннатдормиз. Бизнинг ёш футболчилар, академия тарбияланувчилари «Ванфоре Кофу» билан ўртоқлик ўйинларига катта иштиёқ билан тайёргарлик кўришмоқда. Умид қиламанки, бу ўйинлар икки мамлакат футболи ўртасида дўстлик алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилади», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз ўрнида Сатору Сакума ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрганидан жуда хурсанд эканини таъкидлаб ўтди.

«Биз Ўзбекистонга келганимиздан жуда хурсандмиз. Мен Япония футбол ассоциациясида ҳам фаолият юритаман. Жаноб Ташима Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ фикрларни билдириб ўтганди. Бизнинг клубимиз ёш футболчиларни тарбиялашда катта тажрибага эга. Ана шу тажрибамизни Ўзбекистон билан бўлишишдан фақат хурсанд бўламиз», – деб айтиб ўтди жаноб Сакума.

Учрашув сўнггида «Ванфоре Кофу» клуби вакиллари Умид Аҳмаджоновга клуб либосини топширишди. Ўз ўрнида япониялик меҳмонларга ҳам эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг