Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Маданият 20/05/2016 «Болажонлар – Ширинтойлар» болалар мода фестивали Тошкентда ўтказилади
«Болажонлар – Ширинтойлар» болалар мода фестивали Тошкентда ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 31-майидан 1-июнига қадар Тошкент шаҳридаги “Ёшлар маданият ва санъат маркази”да Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси “OSIYO RAMZI” дизайнерлар уюшмаси кўмагида «Болажонлар – Ширинтойлар» болалар мода фестивали ўтказилади.

Фестиваль доирасида “Ёш дизайнерлар дефилеси - #beyoung for baby” ва “Гала-Fashion шоу” тадбирлари ўтказилади.

«Болажонлар – ширинтойлар” болалар мода фестивали илк бор 2000 йилда Президентимиз томонидан эълон қилган “Соғлом авлод” йилига бағишлаб ўтказилган эди. Анъанага айланган ушбу байрам, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш ва болалар мода саноатини ривожлантиришга имкон яратиб берди. Лойиҳа либос дизайнерлари ва ёш моделлар орасида янги номларни кашф этишга қаратилган. Фестиваль болалар кийимлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда яратувчилари ўртасида алоқаларни янада кенгайтиришга ҳамда болалар модаси йўналишини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Ушбу фестиваль биринчи навбатда болалар, ёшлар ҳамда ота-оналарнинг эстектик дидини шакллантиришни, шунингдек, миллий анъана ва қадриятларимиз орқали санъатимиз ва маданиятимиз борасидаги билимларни кенгайтиришни мақсад қилган.

Дизайнерлар ҳар бир ёш категориялари учун махсус тўпламлар тайёрлашган. “Томоша”, “Тантана”, “Diamonds kids” болалар ижодий гуруҳлари ҳамда “Колибри” арт бюросининг ёш иштирокчилари модель сифатида либосларни намойиш этишга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

«Болажонлар – ширинтойлар» болалар мода фестивали – дизайнерлар танлови бўлиб, уч босқичда ўтказилади. Танловда Тошкент шаҳри, Қорақолпағистон Республикаси, Андижон, Қўқон, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари дизайнерлари иштирок этишади. Етук дизайнерлар билан биргаликда олийгоҳлар талабалари ва коллеж ўқувчилари ҳам қатнашишади.

Биринчи босқич 2015 йилнинг сентябрь ойларида бўлиб ўтган эди. Унда 100 га яқин дизайнерлар иштирок этиб, маълум номинациялар бўйича либослар тўпламлари эскизлари саралаб олинди. Иккинчи босқич 2016 йилнинг январь ойида ўтказилди. Унда биринчи босқичдан ўтган иштирокчилар биттадан либос намунасини тақдим қилишди. Бу босқичда либос конструкциясига, одам қоматига мослиги ва технологик ишлов берилишига аҳамият қаратилди.

Танловнинг учинчи босқичида безак ва аксессуарлар билан уйғунлашган тайёр либослар тўпламлари танлови бўлиб ўтади. Айтиш керакки, йил давомида олиб борилган кенг қамровли ишларнинг самараси ўлароқ финалга 52 нафар дизайнер томонидан ишлаб чиқилган 38 та тўплам саралаб олинди.

“#beyoung for baby” дефилеси – иштирокчилар учун ўз асарларини катта саҳнада намойиш қилиш, новаторлик ишларини мутахассислар ҳукмига ҳавола этиш имкониятидир. Намойишда асосан касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчи-талабалари ҳамда эркин ижодкорлар иштирок этаишади. Подиумда намойиш этилувчи тўпламларнинг баъзилари ҳаммуаллифликда тайёрланган. Улар ижодий фантазия, ноанъанавий ёндошув ва ёш дизайнерларнинг ҳар томонлама қизиқишларини акс эттиради. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу фестиваль доирасида ташкилотчилар иштирокчиларга тўлиқ ижодий эркинлик имкониятини яратдилар.

Якуний Гала - Fashion шоу ўзбек дизайнерларининг асосий намойиши бўлиб, мамлакатимизда болалар модаси ва либослар дизайнининг қадимий анъаналарга бойлиги ва замонавий изланишларни акс эттиради. Бу дефиле замонавий моданинг сўнгги ўзгаришларини ўзида жамлаган.

Ҳайъат аъзолари йирик ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари, Бадиий Академия мутахассислари ҳамда олийгоҳлардан етакчи экспертлар таклиф этилган.

Яратилган либос тўпламлари 2,5 ёшдан 13 ёшгача бўлган 180 нафар ёш болалар томонидан эстрада юлдузларининг мусиқали композицияси остида намойиш этилади. Фестиваль якунлари бўйича танлов ғолиблари диплом ва совғалар билан тақдирланади. Иштирок этган болаларга ҳомийлар томонидан совғалар тақдим этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг