Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Маданият 20/05/2016 Бокуда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти
Бокуда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Яқинда Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтган III Халқаро мултикултурализм фестивали доирасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти ташкил этилди.

Мазкур халқаро анжуманда дунёнинг 25 мамлакати, шунингдек, Озарбайжон илмий-ижодий доиралари ва Боку жамоатчилиги вакиллари, талаба ёшлар, журналистлар ҳамда шаҳар меҳмонлари иштирок этдилар.

Фестивалдаги мамлакатимиз бўлмасида ўзбек халқ амалий санъатининг ранг-баранг намуналари ва қўли гул ҳунарманд усталаримиз яратган бошқа турли буюмлар тақдим этилди. Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, диққатга сазовор қадамжолари, шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ҳаётга тадбиқ этилишга доир маълумотлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Юқоридагилардан ташқари, тадбир қатнашчилари мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш, миллий маданият ва маънавиятни қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

Анжуман чоғида Ўзбекистон бўлмаси бошдан охир фестивал иштирокчиларининг диққат марказида турди. Улар ўзбек миллий ошхонаси таомларидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шубҳа йўқки, мамлакат раҳбарияти гўзалликда бетакрор тарихий ижод намуналарини авайлаб асраш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли мамлакат аҳолиси ва унинг меҳмонлари яна бир неча юз йиллар давомида ўзбек халқининг буюк авлодлари туҳфа қилган гўзалликдан баҳраманд бўлишади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг