Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 13-14 май кунлари Мирьяна Сполярич Эггер хоним, БМТ Тараққиёт дастури маъмури ёрдамчиси, БМТТДнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича Минтақавий директори муҳим миллий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказиш ва миллий ривожланиш устуворликларини, шу жумладан, 2030 йилги давргача бўлган Кун тартибини амалга ошириш борасида БМТТДнинг ҳиссасини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради.
Жумладан, Ўзбекистонга илк маротаба амалга оширадиган ташрифи давомида Мирьяна Сполярич Эггер хоним вазирликлар ва идоралар вакиллари билан БМТТД ва Ўзбекистон ўртасида коррупцияга қарши кураш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, бандлик, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, суд ислоҳотлари ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги ривожланиш ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун учрашади.
Сполярич Эггер хоним БМТТДнинг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан амалга ошириладиган «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» янги лойиҳасини ишга туширилиши маросимида, ҳамда Тошкентда бўлиб ўтадиган коррупцияга қарши курашдаги инновациялар бўйича минтақавий форумда қатнашади.
Кейинги икки йилда Ўзбекистонда ривожланишнинг муҳим муаммоларини, шу жумладан, валютани либераллашуви, суд-ҳуқуқ тизими, давлат бошқарувини такомиллаштириш, тадбиркорлар ва корхоналар учун қулай шароитларни яратиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва савдони ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган сезиларли ислоҳлотлар рўй берди. Мазкур ислоҳотларни самарали амалга оширилиши миллий ва маҳаллий даражадаги салоҳиятни мустаҳкамлашни назарда тутади.
БМТТД Ўзбекистондаги ўз фаолиятини 1993 йилдан бери олиб бормоқда ва ҳукумат билан миллий ривожланишга тўсиқлик қилаётган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини топишда ҳамкорлик қилмоқда. БМТТД Ўзбекистонда учта йўналишда ишламоқда – барқарор иқтисодий ривожланиш, давлат бошқаруви, иқлим ўзгаришига мослашув ва атроф муҳит муҳофазаси. Глобал кўламда БМТТД ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтириш, институционал салоҳиятни ошириш ва ривожланиш натижаларини қўллаш учун мамлакатлар барқарорлигини кўтаришда кўмак кўрсатиб келмоқда. 170 дан ортиқ мамлакатлар ва ҳудудларда глобал тажриба ва маҳаллий билимларни қўллаган ҳолда биз одамларнинг имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатларнинг салбий ҳодисаларга қарши туриш қобилиятларини мустаҳкамлаш учун кўмак кўрсатамиз.