Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 29/05/2017 БМТТД Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш лойиҳаларини йўлга қўймоқда
БМТТД Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш лойиҳаларини йўлга қўймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- ССП ва БМТТД ўртасидаги «Ўзбекистон бизнес-форуми» лойиҳаси Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга доир янги ташаббусни ишга туширмоқда.

Кичик бизнес соҳаси мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 56,9 фоизини ташкил этган ҳолда, Ўзбекистонда 78,1 фоиз аҳоли бандлигини таъминлайди. Хусусий сектор аҳоли турмуш сифатини ошириш учун зарур бўлган инноватсиялар, технологиялар, инфратузилма ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади. Иқтисодий ўсишни ва иш ўринлари яратишни таъминлаш учун бизнес ривожланишини рағбатлантириш, шларни хусусий секторга жалб қилиш БМТга аъзо-давлатлар томонидан қабул қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларидан (БТМ) бири саналади. Жумладан, Ўзбекистон ҳам ушбу мақсадларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни қабул қилган.

Иқтисодий ўсишнинг муҳим ва бир вақтнинг ўзида ҳаётга татбиқ этилмаган манбаи аёллар тадбиркорлиги бўлиб, улар эркаклар билан тенг равишда ўзлари ва бошқалар учун янги иш ўринларини яратиб, менежмент, бизнесни ташкил этиш соҳаларидаги муаммолар борасида жамиятга янги ечимларни таклиф этмоқда.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш орқали аёллар молиявий ҳамда бизнес учун зарур бошқа ресурслардан кўпроқ фойдаланиш имконига эга бўлиб, қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатмоқда ҳамжа ривожланиб бормоқда. Айтиш керакки, даромад келтирувчи фаолият уй хўжаликлари барқарорлигининг мустаҳкамланиши, уларнинг турмуш даражаси ўсишига таъсир кўрсатиб, эҳтиёжлар ва талабларнинг янги босқичига кўтарилиш, шунингдек, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, мамлакатнинг озиқ-овқат ва экологик хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўша оладиган муваффақиятли ижтимоий масъул аёллар бизнесини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, давлат бюджетига бўлган юкламанинг камайиши ва даромад қисмининг ўсиши аёллар бизнесини ривожлантиришнинг ижобий таъсири ҳисобланади. Аёллар тадбиркорлиги соҳасида олиб борилган тадқиқотларга биноан, одатда аёллар оила фаровонлигига (болалар саломатлиги, озиқланиши, таълим) эркакларга нисбатан кўпроқ сармоя киритади, шунингдек кўп сонли ишчиларни ёллаш мумкин бўлган меҳнати оғир тармоқларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадилар ва бу аҳоли бандлигининг ўсишига бевосита таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда аёллар (50,3%) ва эркаклар (49.7%) нисбатининг деярли тенг эканлиги аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг баҳолашларига кўра, аёл тадбиркорларнинг умумий сони қарийб 52 мингтани, яъни жами тадбиркорлик субъектларининг тахминан 10 фоизини ташкил этади.

Қайд этиш зарурки, амалдаги қонунчилик барча учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни тақдим этиб, гендер тенглиги тамойилларини акс эттиради. Мазкур ҳолат, шунингдек, Жаҳон банкининг «Доинг Бусинесс» мустақил тадқиқотида ҳам ўз аксини топган бўлиб, 2017 йилдан бошлаб унга бизнес юритиш осонлигини баҳолашда гендер тенглиги мезони ҳам киритилди. Шунга қарамай, ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг сони камчиликни ташкил этиб келмоқда. Лекин, жорий йил статистикаси тадбиркорликда аёллар улушининг ўсганидан далолат бермоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 1 апрелидан 1 майигача янгидан рўйҳатдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг умумий миқдоридан 33,6 фоизи якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳамда юридик шахсни ташкил этишда мустақил ёки ҳамкорликда иштирок этаётган аёллар улушига тўғри келади. Мазкур маълумотларни жорий йилнинг 1 апрелида ишга туширилган автоматлаштирилган бизнесни давлат рўйҳатидан ўктазиш тизими ёрдамида кузатиш мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятига тобора кўпроқ аёлларни жалб қилиш мақсадида, уларни одатий уй-рўзғор машғулотларидан озод этиш учун шарт-шароитларнинг яратилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, болага ғамхўрлик қилиш учун имкониятлар яратиш, масалан, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш сонининг оширилиши аёлларга ўз ишини ташкил қилиш ва юритиш учун вақт ажратиш имконини бериши мумкин.

«Ўзбекистон бизнес-форуми» ССП ва БМТТД лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолиятига аёлларни жалб қилиш учун шарт-шароитларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу дастур таълим семинарлари ўтказилиши, аёллар тадбиркорлигининг бизнес-моделлари ишлаб чиқилиши ва қишлоқ ҳудудларида тарқатилиши, намунали бизнес-режаларнинг тақдим этилиши, кўчадиган мулк негизида кредитлар олиш учун имкониятлар яратилиши каби соҳаларни қамраб олади.

Лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, аёллар ва ёшларни ишга жойлаштириш, уларнинг қўшимча профессионал кўникмаларини ошириш ва меҳнат бозорида талаб этилган касбларни эгаллаши даражасини ошириш мақсадида, махсус бепул таълим ва малака ошириш курсларини ташкил этиш учун дастурлар ва методик материаллар ишлаб чиқилади.

Аввалроқ «Ўзбекистон бизнес-форуми» БМТТД лойиҳаси Жанубий Африкадаги «Сасол» компаниясининг молиявий кўмагида Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги тадбиркор аёл Фароғат Сайдуллаева раҳбарлиги остидаги «Урганч Миллий Тикувчилик» корхонасининг кенгайтирилиши ҳамда 200 нафар ногиронликка эга қизларни тикувчилик кўникмаларига ўқитиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди. Бугунги кунда ушбу ташаббускор аёлнинг кичик корхонаси муваффақиятли бизнес-модел сифатида ижтимоий-масъул бизнеснинг тамойилларини амалда намоён этаётган бўлиб, унда эшитиш қобилияти бузилган хотин-қизлар ишлаб, молиявий таъминот ва ўзини боқа олишдан қониқиш имкониятига эга бўлиб келмоқда.

ССП ва БМТТД қўшма лойиҳасининг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид яна бир ижобий мисоли сифатида Наманган шаҳрида очилган Лисоблар дизайни марказини қайд этиш мумкин. Мазкур марказда ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиш орқали қизлар бозорда талаб катта бўлган либосларни моделлаштириш ва дизайн соҳасида кўникмаларини оширадилар. Натижада, улар учун муносиб иш топиш ёки мустақил ишини очиш имконияти яратилади.

Таъкидлаш зарурки, қўшма лойиҳанинг аёлларни интенсив олма боғларини ташкил этиш ишига жалб қилиш бўйича ташаббуси долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистон шароитларида интенсив усулда олмалар етиштириш бўйича ишлаб чиқилган амалий қўлланмага бағишлаб 600 га яқин фермер, жумладан Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларининг вакилалари иштирокида ўтказилган семинар олма боғларига ишлов беришнинг замонавий технологияларига оид билимларни ошириш, шунингдек боғдорчилик самарадорлигини ошириш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантириш имконини берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг