Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 18/02/2019 БМТТД капитал бозорни ривожлантиришга оид ҳатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда
БМТТД капитал бозорни ривожлантиришга оид ҳатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Сенати Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда БМТТД кўмагида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро молия институтларининг ваколатхоналари раҳбарлари билан консултацияга оид учрашув ташкил этилди. Учрашув капитал бозорини ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини яратишга йўналтирилган идоралараро ва халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари муҳокамасига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ушбу йиғилишни очиб берди ва мамлакатда иқтисодиётнинг янада ўсишини таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини қайд этди. Бу борада капитал бозорини ривожлантириш ва давлат активларини самарали бошқаришга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммолар мавжуд бўлиб, улар белгиланган масалаларда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларига муваффақиятли интеграциясини таъминлашга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини тақозо этиши таъкидланди.

Мазкур учрашув чоғида Капитал бозорини ривожлантириш ва давлат активларини бошқариш агентликлари раҳбарларининг тақдимотлари тингланди. Хусусан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг директори Атабек Назиров Ўзбекистон капитал бозорларидаги жорий ҳолат, мавжуд муаммолар ҳамда бозорнинг самарали ишлашига ҳалақит берувчи қонунчилик тўсиқларига оид тақдимот билан иштирок этиб, ривожлантириш истиқболлари ва капитал бозорларини “жонлантириш” бўйича чора-тадбирларга доир фикрларини баён этди. Ўз навбатида, Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Зафар Захидов давлат активлари бошқарувидаги тизимли муаммолар, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар ҳамда хусусийлаштириш, дивиденд сиёсати ва молиявий соғломлаштириш масалаларида самарадорликни ошириш учун кўрилаётган чоралар ҳақида сўзлади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ҳам капитал бозорининг ролини Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш йўлидаги чора-тадбирларни молиялаштиришдаги механизмлардан бири сифатида эътироф этди. Жумладан, у БМТ Тараққиёт дастури номидан давлат органлари ва идоралар ўртасида ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштириш ҳамда самарали ўзаро фаолиятни таъминлаш борасида кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Ваколатхоналарнинг раҳбарлари такрорий ишларни бартараф этиш ва самарали ўзаро фаолиятни ташкил этишга тизимли ёндашиш мақсадида мувофиқлаштиришни кучайтириш заруратини қайд этиб ўтди ва таклиф қилинган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг капитал бозорини ривожлантириш ва давлат активларини бошқаришга кўмаклашиш бўйича Кўптомонлама ҳамкорлик ишчи гуруҳини ташкил қилишга оид таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда шу юзасидан қарор қабул қилинди. Айтиш жоизки, ваколатли вазирликлар, идоралар, халқаро ташкилотларнинг экспертлари ҳамда бизнес вакилларидан ташкил топадиган бу гуруҳга мамлакатнинг молия бозорини мукаммал ривожлантиришга оид чора-тадбирлардан иборат капитал бозорини ривожлантириш бўйича Стратегияни ишлаб чиқиш вазифаси юкланади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг