Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Иқтисод 14/03/2023 БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан учрашув бўлди
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан учрашув бўлди

2023 йил 13 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк билан учрашув бўлди. 

Учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Мамлакатимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг самарали ва мустақил фаолият юритишини қўллаб-қувватлаши, кейинги даврда БМТнинг мазкур Бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик амалий руҳда изчил ривожланаётгани қайд этилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилгани уни амалда татбиқ этишни осонлаштирмоқда. 

Мамлакатимиз БМТнинг устав ва шартномавий органлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда. Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Универсал даврий ҳисоботи механизми доирасида берилган тавсияларнинг бажарилиши бўйича ўз маърузаларини тайёрлаш борасида илғор давлатлардан бирига айлангани ҳам буни тасдиқлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгайтирилишини таъминловчи давлат органи ҳисобланади. Миллий марказ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаб, тегишли тартибда тақдим этиб келмоқда. 

Миллий марказ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ўринда 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

Шу муносабат билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Глобал форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолагани яна бир бор эътироф этилди.

Жорий йил 30 апрелда референдумга қўйиладиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам фикр алмашилди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тавсияларини йўллагани учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига миннатдорлик билдирилди.

Қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришда жиноий жазо кўзда тутилган айрим нормаларни имкон қадар камайтириш ёки юмшатиш бу борада кутилган ижобий натижаларни бериши қайд этилди. Ф.Тюрк ўзи раҳбарлик қилаётган БМТ Бошқармаси ушбу йўналишдаги қонун лойиҳаларининг халқаро андозаларга қанчалик мослигини ўрганиб, тегишли тавсиялар беришга ҳамиша тайёр эканини маълум қилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бошқа соҳаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг