БМТ сайтида Ўзбекистоннинг креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳақида мақола эълон қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий сайтида "Ўзбекистон креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди", сарлавҳали мақола жойлаштирилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг Доимий ваколатхонаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда ўтказган юқори даражадаги тадбир тафсилотлари қаламга олинган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ташаббуси билан бўлиб ўтган креатив иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирда ЮНCТАДнинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси директори Хуан Хосе Бадилло сўзга чиқди.
Хуан Хосе Бадилло замонавий дунёда анъанавий ривожланиш йўллари кўплаб мамлакатлар учун самарали бўлмай қолаётганини, ривожланаётган мамлакатлар учун эса ўз иқтисодиётларини диверсификация қилиш тобора қийинлашиб бораётганини урғулади. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда креатив индустрия соҳалари барқарор ривожланиш учун имкониятлар яратади, тараққиёт ва иш ўринлари ташкил этишда катта ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова йиғилганларни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясини юқори ташкилий даражада ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирди. Самарқанд ташкилотнинг ушбу нуфузли форуми Париждаги штаб-квартираси ташқарисида 1985 йилдан буён илк бор мезбонлик қилаётган шаҳарга айланиши таъкидланди. ЮНЕСКОнинг асосий қадриятларини янада тарғиб қилишга улкан ҳисса қўшишга қаратилган Бош конференцияни муваффақиятли ўтказиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш Ўзбекистон ҳукуматининг бирламчи вазифаси эканлиги тасдиқланди.
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасовнинг сўзларидан иқтибос келтирилган: "Маданият ва бунёдкорлик иқтисодиёти иқтисодий ўсиш, таълим, тинчлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва экологик барқарорликни таъминлашда ўзгартирувчи салоҳиятга эга".
Қайд этилишича, бошқа мамлакатлар ҳам креатив иқтисодиётга эътибор қаратмоқда. "Хусусан, ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ижодий товарлар савдоси сўнгги 20 йил ичида икки баравар ошди", – дейилади нашрда.