БМТ Бош котиби: «Тоза энергия асрининг тезлашиши — бу имкониятлар даври»
(сурат: UNPhoto_MarkGarten)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Энергия инсоният тараққиётида доимо ҳал қилувчи ўрин тутган — ибтидойи оташдан тортиб, атом энергиясигача.
Бугунги кунда, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сўзларига кўра, инсоният янги бир давр — тоза энергия асри остонасида турибди.
Ўтган йилда дунёдаги янги энергетик қувватларнинг деярли барчаси қайта тикланувчи манбалар ҳисобига яратилди. Тоза энергияга инвестициялар 2 триллион долларга етди ва бу кўрсаткич қазилма ёқилғига қўйилган сармоялардан 800 миллиард долларга кўпдир. Қуёш ва шамол энергияси энг арзон энергия турларига айланди. Тоза энергия соҳалари эса янги иш ўринлари яратиб, иқтисодиётни рағбатлантирмоқда ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшмоқда, ҳатто қазилма ёқилғига ҳанузча берилаётган субсидияларга қарамай.
Гутерриш таъкидлайдики, эски энергетика тизимини ушлаб туриш — бу иқтисодиётни муҳофаза қилиш эмас, балки уни саботаж қилиш демакдир. Тоза энергия эса, аксинча, энергетик мустақилликни таъминлайди: қуёш ва шамол, қазилма манбалардан фарқли равишда, нархлар тебранишидан ёки геосиёсий хавф-хатарлардан холи.
Бундан ташқари, тоза энергия миллиардлаб инсонлар учун, айниқса қуёш панелларига асосланган мустақил тизимлар орқали, электр энергиясига кириш имконини яратади. Аммо шунга қарамай, энергетик ўтиш жараёни ҳалигача секин ва ноодил кечмоқда — ривожланаётган мамлакатлар ортда қолмоқда, чиқиндилар эса ҳануз ўсмоқда.
Вазиятни тўғрилаш учун, БМТ Бош котиби олти устувор йўналишда ҳаракат қилишни таклиф этмоқда:
Давлатлар мажбуриятлари — ҳар бир мамлакат иқлим режаларини (НДС) янгилаб, 1,5°C исиш чегараси ва тоза энергияга ўтиш бўйича аниқ мақсадларни белгилаши керак. Бу борада айниқса G20 гуруҳи мамлакатларининг роли муҳим, чунки улар дунё бўйлаб чиқиндиларнинг 80% учун жавобгардир.
Замонавий энергетик инфратузилма — агар янги тармоқлар ва энергия сақлаш тизимлари ривожлантирилмаса, қайта тикланувчи энергия салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқмайди. Ҳар бир доллар ВИЭга сармоя қилинар экан, шу қийматда инфратузилмага ҳам сармоя йўналтирилиши зарур.
ВИЭ орқали ўсиш — электр энергиясига талаб (айниқса дата-марказлар сабабли) қайта тикланувчи манбалар орқали қондирилиши керак. Йирик IT-компаниялар ВИЭдан фойдаланиш бўйича мажбуриятларни олишлари лозим.
Адолатли ўтиш — қазилма ёқилғига боғлиқ минтақалар қўллаб-қувватланиши, муҳим минераллар занжири қайта ислоҳ қилиниши ва эксплуатация ҳамда экоталофатлар олди олиниши керак.
Савдо — ислоҳотлар калити — тоза технологияларга тарифларни пасайтириш, инвестиция шартномаларини янги реалликка мослаштириш ва етказиб бериш йўлларини диверсификация қилиш зарур.
Молиялаштириш — ривожланаётган давлатлар кўпроқ сармоя олиши шарт. 2024 йилда Африка ВИЭга қўйилган глобал инвестицияларнинг фақат 2% ни олди, гарчи салоҳияти катта бўлса-да. Дунё жамоатчилиги адолатли қарз сиёсати, рейтинг агентликлари ёндашувини янгилаш ва кўп томонлама тараққиёт банкларининг ролини ошириш орқали буни таъминлаши керак.
Гутерриш ўз мурожаатини шундай якунлади:
«Биз янги энергетик давр остонасида турибмиз. Бу глобал ўзгаришни тезлаштириш имкониятидир. Келинг, ундан унумли фойдаланайлик».